2016 йилда Саудия Арабистони дунёда нефть экспорти бўйича етакчилик қилди, деб хабар бермоқда ВР компанияси томондан тайёрланган "Жаҳон энергетикаси статистик шарҳи"га (Statistical Review of World Energy) иқтибос келтирган ҳолда "Анадолу" ахборот агентлиги. 

Шарҳга кўра, 2016 йилда Саудия Арабистонининг нефть экспорти 2015 йилга нисбатан 4,5 фоизга ошган ва 375,3 млн тоннани ташкил қилган.

Саудия Арабистони нефтининг энг йирик импортчиси Япония бўлди, кунчиқар давлати "қора олтин"дан 59 млн тонна импорт қилган. 2-ўринни АҚШ (54,8 млн тонна), 3-ўринни эса Хитой (51 млн тонна) эгаллаган. 

Ўтган йили энг йирик нефть экспортчилари орасида 2-ўринни Россия (274 млн тонна), 3-ўринни Ироқ (177,5 млн тонна) эгаллаган.

Ўтган йил нефть савдоси жаҳонда 2015 йилга нисбатан 4 фоизга ошган ва 2,118 млрд тоннани ташкил қилган.

Бундан ташқари, АҚШ ўтган йили нефть импорт қилувчи давлатлар орасида 393,3 млн тонналик кўрсаткич билан 1-ўринни эгаллаган. Унинг ортидан Хитой (382,6 млн тонна) ва Ҳиндистон (212,3 млн тонна) келмоқда. 

Ўтган йил Саудия Арабистони нефть қазиб олувчи давлатлар рўйхатига етакчилик қилган. Ушбу мамлакатда 2016 йилда 585,7 млн тонна нефть олинган. Кейинги ўринларни Россия (554,3 млн тонна)  ва АҚШ (543 млн тонна) эгалламоқда. 

2016 йилда нефть қазиб олиш 2015 йилга нисбатан 0,5 фоизга ошиб, 4,382 млрд тоннани ташкил қилган. Ушбу давр ичида нефтга талаб 1,7 фоизга – 4,418 млрд тоннагача ошган.

Шу билан бирга АҚШ нефть истеъмол қилувчи давлатлар ўртасида 1-ўринни (863,1 млн тонна) эгаллаган. Унинг ортидан эса Хитой (578,7 млн тонна) ва Ҳиндистон (212,7 млн тонна) келмоқда.