Telegram мессенжери Россиядаги iPhone учун бепул иловалар орасида бир кунда еттинчи ўриндан биринчи ўринга кўтарилди. Бу ҳақида App Annie иловалар таҳлилига асосланиб, "Ведомости" хабар берди. 

Мессенжер 22 июндан 26 июнга қадар iPhone фойдаланувчилари орасидаги машҳурлик рейтингида 15-ўриндан 7-ўринга кўтарилди, худди шу вақт ичида Android қурилмаларнинг Play Market иловалар дўконида Telegram 31-ўриндан 20-ўринга кўтарилди. 

Таъкидлаш жоизки, куни кеча "Роскомнадзор", Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Telegram асосчиси Павел Дуров ўртасида мессенжерни ахборот тарқатувчи ташкилотлар реестрига киритиш бўйича келишмовчилик юзага келганди. Илованинг реестрга киритилиши унинг  фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни тўплаши, уларни сақлаши ва талабга кўра Россиянинг тегишли идораларига етказишини англатади. 

ФХХ 3 апрель кунидаги Санкт-Петербург метросидаги терактни содир этишда террорчилар Telegram иловасидан фойдалангани ҳақида хабар қилганидан сўнг "Росреестр" шундай ташаббус билан чиққан. Илова асосчиси Павел Дуров бу махсус хизматлар учун ўз таъсирини кучайтириш ва аҳоли устидан назорат ўрнатиш учун баҳона эканини айтган.