Ўзбекистоннинг Киевдаги дипломатик ваколатхонаси томонидан Хоразм вилоятилик бир ёшли бола Лазизбек Шарифов ҳаётини қутқариб қолиш бўйича ёрдам кўрсатилди.

Мураккаб жарроҳлик амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни элчихонага боланинг ота-онаси оғзаки тарзда мурожаат қилганидан сўнг бошланди. Ўзбекистон ваколатхонаси ватандошларга бу осон бўлмаган вазифани бажаришда кўмак кўрсатди.

Тиббий хулосалар ўрганиб чиқилиб, Украина соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар кардиологияси ва кардиожарроҳлиги Маркази директори Илья Емец билан маслаҳатлашувлардан сўнг маълум бўлдики, вазиятнинг ўтказиб юборилгани ва юрак етишмовчилиги кеч аниқлангани туфайли Лазизбекнинг ҳаёти хавф остида қолган. Шунда болани Киевга мураккаб амалиётни ўтказиш учун юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бироқ боланинг ота-онасида қиммат жарроҳлик амалиётини тўлашга маблағлар бўлмаган. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси палов тайёрлаш хайрия акциясини ташкил этди ва икки кун ичида 1600 АҚШ долларини йиғди. Улар тиббиёт муассасасига харажатларни қисман қоплаш учун берилди.

Марказ раҳбарияти боланинг ота-онасидан бошқа маблағларни талаб қилмади.

Жорий йилнинг 16 июнь куни кардиожарроҳ Ярослав Иванов мураккаб амалиётни ўтказди, ҳамда кичик ёшли бемор бешинчи куни кардиология бўлимига ўтказилди. Эндиликда унинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ.

Келажакда Лазизбек яна бир неча амалиётдан ўтказилиши лозим, улар унинг ҳаёти сифати ва давомийлигини оширади. Бироқ, энг асосийси – болада имконият пайдо бўлди.