Юридик шахслар бир мобиль оператордан бешта ва ундан ортиқ рақамни олиш учун бу эҳтиёжни ёзма тарзда асослаб беришлари керак бўлади. Бу норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида жойлаштирилган мобиль операторлар учун янги қоидаларда кўзда тутилган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, бешта ва ундан ортиқ рақамларига эга бўлган абонент – жисмоний шахс билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ушбу операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади. Бундан ташқари, шартнома фақатгина эҳтимолий абонент шахсан келганида ва у томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда тузилади. Муқобил вариант сифатида паспортнинг асли ва ишончнома тақдим этган вакил билан ҳам шартнома тузилиши мумкин.

Янги қоидалар телефон суҳбатлари ва телекоммуникация тармоқлари орқали узатилувчи бошқа хабарларнинг махфийлигини сақлаб қолишни назарда тутади. Оператор ва дилер абонент ҳақидаги маълумотни, унинг розилигисиз тарқатишга ҳақи йўқ. Бунда қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар истиснодир.