Японияда мамлакат мудофаа вазири Томоми Инада билан боғлиқ можаро авж олмоқда. У Токио қонунчилик ассамблеясига сайловларда ўз партиясидан бўлган номзодга овоз беришга чақирган.

Сешанба куни кечқурун вазир Токио қонунчилик ассамблеясига ҳукмрон Либерал-демократик партиядан номзодни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган сайловолди йиғилишида иштирок этди. У ўз чиқиши давомида ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари, мудофаа вазирлиги ва вазир сифатида ўз номидан сайловчиларни ЛДП номзодига овоз беришга чақирди.

"Мудофаа ва ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари вазирлиги, мудофаа вазири ва Либерал-демократик партия номидан сизлардан буни сўрайман", - деди вазир.

Қонунга кўра, Япония ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари, худди бошқа давлат хизматлари каби, сиёсий фаолият олиб бориши мумкин эмас. Инаданинг баёноти эса мухолифат томонидан қонунни қўпол тарзда бузиш, деб баҳоланди. Кейинчалик у журналистлар олдида чиқиш қилиб, узр сўради ва ўз сўзларидан воз кечганини айтди. Унинг маълум қилишича, “нафақат армия, балки исталган давлат идорасининг нейтрал позицияси табиий ҳолатдир”.

Инада ўз партиядошлари томонидан ҳам қаттиқ танқид остига олинди. Келаётган якшанба куни Токиода қонунчилик ассамблеясига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловолди кампанияси икки асосий куч – ҳукмрон ЛДП ва Токио ҳокими томонидан ташкил этилган “Токиоликлар – ҳаммасидан устун” партиялари ўртасида бўлиб ўтмоқда. 

Маълумот учун, Томоми Инада – Япония тарихида мудофаа вазири лавозимини эгаллаган иккинчи аёл кишидир.