Президентнинг 15.06.2017 йилдаги ПҚ–3060-сон «Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.uz.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 29.05.2017 йилдаги ПФ–5059-сон «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти ўрнига Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда – Бюро) ташкил этилди ва Бюрони ривожлантириш жамғармаси тузилди.

Бюрони ривожлантириш жамғармаси фаолиятининг норматив базаси шакллантирилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

•  Бюрони ривожлантириш жамғармасининг тузилмаси (Бош прокурорга Жамғарма тузилмасига ўзгартиш киритиш, шу жумладан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўшимча штатлар жорий этиш ҳуқуқи берилди);
•  Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом ва унинг Кузатув кенгаши таркиби (Бош прокурор ўринбосари М.Азимов бошчилик қилади, лавозимига кўра Олий суд раиси, Президент девони ва Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, молия ва адлия вазирлари, Бюро директори, Жамғарманинг ижро этувчи директори ва бошқалар киради);
•  Бюро ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом;
•  Бюрони ривожлантириш жамғармаси Дирекцияси ходимларининг ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари.

Бюрони ривожлантириш жамғармасининг даромадлар ва харажатлар моддалари белгиланди.
 
Жамғарма маблағлари шакллантириладиган манбалар қаторига қўшимча равишда Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларидан олинадиган даромадлари ҳам киритилди. Илгари Жамғарманинг маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шаклланиши белгиланган эди:

•  республика истеъмолчиларига энергия ресурслари ва табиий газ сотишдан тушган маблағларнинг 10%и;
•  ваколатли органлар томонидан олиб қўйилган ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни сотишдан, шунингдек, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини (давлат божидан ташқари) ундиришдан тушган маблағларнинг 8%и;
•  давлат ижрочилари томонидан ундирилган ижро йиғими маблағларининг 80%и;
•  Бюро ходимлари томонидан қўлланиладиган ва ундириладиган жарималар суммасининг 80%и ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар. 

Жамғарманинг маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

•  Бюро ходимларига иш ҳақи, устама ҳақи, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлашга;
•  тегишли мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида Бюрога ишга жалб қилишга;
•  бино ва иншоотларни сақлаш, фойдаланиш, қуриш ва таъмирлашга, уларни зарур инвентарлар, шу жумладан, мебель, алоқа, компьютер ва бошқа воситалар билан таъминлашга;
•  Бюро ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун тўловларни компенсация қилишга;
•  хизмат ва махсус автотранспорт, шунингдек, бошқа техника воситаларини сотиб олишга, уларга сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашга;
•  Бюро ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга, шу жумладан, хизмат турар жойлари қуришга, тиббий хизмат кўрсатишга;
•  тасдиқланган миллий стандартларга мувофиқ, электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг ягона интеграция қилинган автоматлаштирилган тизимини жорий этишга;
•  Бюронинг ахборот-компьютер тармоғига хизмат кўрсатиш ва уни ривожлантиришга, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга;
•  Бюро ходимларини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташига;
•  Бюро ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этишга;
•  Бюро ходимларининг мамлакат ичкарисидаги ва унинг ташқарисидаги хизмат сафари харажатларини тўлашга;
•  Бюронинг семинарлари, давра суҳбатлари, конференциялари, амалий машғулотлари, тренинглари, профилактика ва бошқа тадбирларини ўтказишга;
•  Бюро фаолияти учун зарур бўлган босма ва бошқа материаллар билан таъминлашга ва Бюро фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирларга.

Бюро ходимлари қанча олишади?

Бюро ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидагилардан таркиб топади:

Лавозим маошидан

тариф сеткаси бўйича аниқланади

Ойлик устама ҳақларидан

- даражали унвонларга эга бўлган ходимларга лавозим маошининг 50%и, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари Бюронинг бошқа ходимларига лавозим маошининг 100%и миқдорида (рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда Бюро ходимларининг лавозим маоши таркибига киритилади);

- лавозим маошига 40% миқдорида (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти);

- даражали унвон учун лавозим маошига 20%дан 50%гача миқдорда;

- даражали унвонларга эга бўлган ходимларга - кўп йиллик меҳнати учун лавозим маошига 5%дан  40%гача  миқдорда;

- махсус тоифалар учун лавозим маошига 10, 20 ва 30%  миқдордаги устама ҳақ

- бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг узоқ йиллик меҳнати учун устама ҳақ.

Рағбатлантирувчи ва бошқа тўловлар

- йилига 200%лик мукофотлар (фаолиятини индивидуал баҳолаш натижасида олинган 70-80 баллгача - лавозим маошига 50%, 80-90 баллгача - 100%, 90-100 баллгача - 200%);

- байрамлар, муҳим ва юбилей саналари, узоқ йиллик ҳамда бекаму кўст хизмати (меҳнати) учун, пенсияга чиққанда ва бошқа шу каби ҳолатлар муносабати билан 15% миқдорида мукофотлар;

- 15%лик шахсий устамалар;

- ЭКИҲнинг 1-2 баробари миқдоридаги овқатланиш харажатлари;

- йўлкира харажатларини қоплаш учун ЭКИҲнинг 1-2 бараваригача миқдордаги ойлик тўловлар (туман ва шаҳар бўлимлари ходимларига хизмат автотранспорти бириктирилмаган бўлса);

- йилда 1 марта ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам;

- бахтсиз ҳодисага учраган, шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришда ҳалок бўлган Бюро ходимларининг оиласига моддий ёрдам кўрсатиш.