«Реал» президенти Флорентино Перес «Монако» ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг оила аъзолари билан учрашгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб ўтди. «Қироллик клуби» раҳбари бу масалада эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлаган.

Унинг фикрича, ҳозирда бу ёш футболчига Мадрид жамоасида бўш жой йўқ.

«Погба билан содир бўлган воқеани унутмаслик керак. Ўшанда ҳам бизга футболчини сотиб олиш кераклиги ҳақида гапиришганди. Мбаппе – ажойиб ва ёш футболчи. Менга кучли футболчилар ёқади, аммо жамоа 24 футболчидан ташкил топади, майдонга эса 11 нафар футболчи тушади. Кўпгина кучли ўйинчиларга «Реал»да жой топилмаслиги мумкин. Ҳозирда энг кучли таркибга эгамиз ва биз буни исботладик. 

Бир неча йиллардан бери Мбаппени кузатиб келмоқдамиз. Аммо 18 ёшда ҳамма ҳам «Реал»да ўйнаб кета олмайди. Агар Мбаппени харид қилсак, «Реал»ни ким тарк этади? Бироз сабр керак», — дея Переснинг сўзларини келтирган esRadio.

Бундан аввалроқ, Перес Мбаппенинг оиласи билан учрашгани хабар қилинганди. 2016/17 йилги мавсумда ушбу ёш футболчи монегаскликлар жамоаси сафида барча турнирлар доирасида 44 учрашувда майдонга тушган ва 26 гол урган.