Газ ва электр тўловлари Ўзбекистон аҳолиси ойлик маошининг 7,5 фоизини ташкил қилади

Ўзбекистон 28 Июнь 2017 17668

Газ ва электр тўловлари Ўзбекистон аҳолиси ойлик маошининг 7,5 фоизини эгаллайди. Бу ҳақида Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Ж.А.Арипов берган маълумотга асосланиб, "Кун.уз" мухбири хабар берди. 

Шунингдек йиғилишда видеороликлар тақдим этилиб, уларда ҳам мавзуга оид маълумотлар етказилди. 

"Анъанавий энергетика ресурслари тобора тақчил бўлиб бораётгани ва уларнинг нархи кескин ортаётганини Ғарб дунёси бундан бир неча ўн йиллар аввал сезган, илғор технологияларни жорий қилишдан бошқа чора йўқлигини ҳам англаб етган эди. Зеро бу ҳаёт-мамот масаласи. 

Хусусан, Германияда қуёш панеллари энг арзон энергия манбаи сифатида мамлакатни бутунлай қамраб олмоқда, чунки Европада электр энергияси ва табиий газ нархи жуда қиммат, албатта, бу газни Россия ва Украинадан сотиб олаётгани ҳисобига.

Осиё мамлакатларида ҳам вазият мураккаб. Масалан, Японияда бир ойда битта оила электр энергияси учун 60 долларгача тўлайди. Умуман, ушбу мамлакат аҳолиси коммунал тўловлар учун ойлик маошининг ҳатто 75 фоизини ажратишга мажбур бўляпти. 

Испанияда бу кўрсаткич - 47, Сингапурда эса - 30 фоизни ташкил қилмоқда. Марказлашган газ қувурига эга бўлмаган Туркияда аксарият аҳоли газ баллонларидан фойдаланади. Бу мамлакат аҳолиси электр энергияси учун бир ойда 50 долларгача сарфламоқда. 

Хўш, шундай экан, 300-320 куни қуёшли бўлган Ўзбекистонда қуёш батареяларини ўрнатишга нима тўсқинлик қилмоқда", дейилади роликда. 

Йиғилишда Осиёнинг жануби-шарқий минтақасида коммунал тўловлар аҳоли ойлик маошининг ўртача - 25 фоизини, Ўзбекистонда эса 7,5 фоизини эгаллайди. Шундай экан, аҳоли тўлов маданиятини шакллантириш кераклиги таъкидланди.

Кўпроқ янгиликлар