ThyssenKrupp немис компанияси Multi деб номланган янги лифт тизимини синовдан муваффақиятли ўтказганини маълум қилди. Лифт шуниси билан ўзига хоски, у ҳам вертикал, ҳам горизонтал йўналишда ҳаракатлана олади.

Лифтни ўрнатиш ва ишга тушириш ThyssenKrupp’нинг Ротвайл шаҳридаги заводида жойлашган синов минорасида ўтказилди. Бу лифт технологияси қўлланадиган биринчи иншоот Берлинда қурилаётган East Side Tower биноси бўлади. 246 метрлик бинодаги 12 та лифт шахтасидан 3 таси Multi тизимига ажратилади. Бино қурилишини 2017 йилда якунлаш режалаштирилган.

Multi концепти 2014 йилдаёқ ишлаб чиқилган. Лифт ҳалқаланган тизим кўринишида лойиҳаланган бўлиб, унда лифт кабиналари жамоат транспортидек муайян йўналиш бўйича ҳаракатланади. Кабиналар магнит рельслар ёрдамида ҳаракатланади. Бу лифтни вертикал ва горизонтал йўналишда ҳаракатлантириш учун тросларни қўллашдан воз кечишга имкон берди.

Multi вақт ва энергия истеъмолини самарали бошқариш учун симсиз компьютер тизимидан фойдаланади. Бу тизим экологик тоза ва лифтдан фойдаланувчиларнинг вақтини тежайди. 

Лойиҳа муаллифларининг айтишича, ушбу инновация лифтни кутиш вақтини қисқартиришга қаратилган. Уларнинг фикрича, Нью-Йорк марказида ишчилар лифтни кутиб йилига умумий ҳисобда 17 йил ва унинг кабинасида яна 6 йилни ўтказишади. Multi’ни кутиш вақти бинонинг ўлчамидан қатъий назар, 15-30 сонияни ташкил қилади.   

Лифтнинг бир нечта шахтасидан бир йўла фойдаланиш ва кабиналарни горизонтал ҳолатда ҳаракатлантириш имконияти архитекторларни биноларни ягона вертикал ўқ атрофида қуриш заруратидан халос этади. Бу эса бинонинг максимал баландлигига чекловларни бекор қилади ва архитектуравий ва қурилиш тажрибаларини ўтказишга кўпроқ имкон беради.