Халқаро Пресс-клубда коммунал тўловларни ундириш билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди

Жамият 28 Июнь 2017 5225

Бугун, 28 июнь куни Халқаро Пресс-клуб (ХПК)да "Бюро: тежамкорлик, истеъмолчилар масъулияти, тўлов маданияти" мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) зиммасига юкланган вазифалар, Ўзбекистонда суд қарорлари ижросини таъминлаш, газ ва электр энергияси тўловларини ундириш билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди. Мазкур сессия Халқаро Пресс-клуб, Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Сессияда Мажбурий ижро бюроси директори Б.Б.Қудратхўжаев, МИБ директорининг биринчи ўринбосари Ж.А.Арипов, Тошкент шаҳар бош имом хатиби А.Турсунов ва қатор экспертлар иштирок этишди. 

Анжуманда Ўзбекистондаги суд қарорларини ижро этиш тизимида, коммунал тўловларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида йирик ислоҳотлар ўтказилаётгани қайд этилди. Жумладан, 2017 йил 29 майда Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5059-сонли фармони қабул қилинди. 

Фармонга кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш кўзда тутилган. 

Қабул қилинган ҳужжатлар асосида табиий бойлигимизни асраш, ундан тежаб фойдаланиш, келгуси авлодга етказиш мақсади ётади. ХПК сессияси айнан шу муаммолар ечимига ва қонун ижроси қай даражада бораётганини мониторинг қилишга қаратилади. 

Кўпроқ янгиликлар