Бош прокуратура қошидаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) қандай мақсадларда ташкил этилганлиги кўпчиликни қизиқтиради. 28 июнь куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Баҳромович Қудратхўжаев шу саволга жавоб берди.

"Сўнгги йилларда энергия ресурсларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш борасида талабга жавоб бера олувчи ишлар олиб борилмаган.

Масалан, 2016 йилда электр энергияси ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки талон-тарожликка йўл қўйилган ҳолатлар охирги икки йилда 48 фоизга ошган. Суд ва бошқа органлар ҳужжатлари амалдаги ижроси эса 2016 йилда амалда атиги 45 фоизга бажарилган, холос.

Энди 2017 йилнинг биринчи чорагида "Ўзбекэнерго" ҳамда "Ўзтрансгаз" компаниялари тизимидаги 665 нафар, шунингдек суд ижро департаментининг 36 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилди.

Ана шу камчиликлар ва хатоларни ҳисобга олган ҳолда, Президентнинг 2017 йил 29 майдаги фармонига асосан Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюросига энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарожликнинг олдини олиш, суд ва бошқа ҳужжатларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш каби муҳим вазифалар юклатилди.

Тўлов тизимини яхшилаш орқали электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, барча ҳудудларда янги ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш объектларини ишга тушириш, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш - бизнинг олдимиздаги энг муҳим вазифалар ҳисобланади".