Nestle компанияси бозордан 20 млрд швейцар франкига (20,8 млрд доллар) тенг ўз акцияларини сотиб олиш режасини эълон қилди. Компания бу режасини "сармоя структурасини яхшилаш ва ўзгарувчан бозор шароитида ўз барқарорлигини ошириш" истаги билан тушунтирди. 

Nestle’нинг бундай катта миқдордаги акцияларини ортга қайтариш қарори америкалик йирик инвестор Дэниэл Лоуб Nestle’нинг 3,5 млрд долларлик акцияларини сотиб олиб, 1,3 фоизлик пакетни қўлга киритганини маълум қилгандан бир неча кун ўтиб янграганди. Шундан кейин Лоуб фаол сармоячиларга хос тарзда Nestle "бир жойда тўхтаб қолгани"ни ва унга ислоҳотлар зарурлигини айта бошлаган ҳамда компаниянинг қолган акциядорларини унинг туб ислоҳотлар ўтказишга чақириғини қўллаб-қувватлашга чорлаган. Бу ислоҳотлар, жумладан Nestle’нинг L’Oreal компаниясидаги ўз улушини (23 фоиз) сотишини, харажатларни қисқартиришни ва акциядорлик сармояси устидан назоратни мустаҳкамлаш учун ўз акцияларини сотиб олишни ўз ичига олган бўларди.  

Nestle баёнотида айтилишича, акцияларни ортга сотиб олиш 4 июлда бошланади, акцияларни сотиб олиш бўйича бутун дастур эса 2021 йилгача давом этади.