Андижонда «Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз» мавзусидаги тарғибот тадбирлари бошланди

Жамият 29 Июнь 2017 3162

Ўзбекистон маданият вазирлиги ташаббуси билан бир қатор вазирликлар, ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган тадбирлар Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.

Тадбир доирасида пойтахтдан ташриф буюрган таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, таниқли кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат тарғибот гуруҳлари халқ билан юзма-юз мулоқот қилиб, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, оддий халқ ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида дилдан суҳбат қурмоқдалар.

28 июнь куни ана шундай тадбирлар вилоятнинг Хўжаобод, Қўрғонтепа ҳамда Хонобод ва Қорасув шаҳарларида бўлиб ўтди.

Қорасув шаҳридаги мусиқа мактаби ҳамда касб-ҳунар коллежидаги очиқ мулоқотларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шамсиқамар Мансурова, театр ва кино актёрлари Шуҳрат Нуралиев, Анжелика Есимбетова, эстрада хонандаси Баҳриддин Зуҳриддиновлар иштирок этдилар. Учрашувлар давомида ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, уларни онги ва қалини турли мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда.

– Самимий руҳда ўтаётган мулоқотларда халқимизнинг кайфияти кўтаринки эканлиги ва уларнинг ўз ҳаётидан мамнун ҳолда яшаётганлиги кўриниб турибди,- дейди шоир Бобур Бобомурод. - Халқимиз маънавияти, дунёқарашини юксалтириш, кайфиятини кўтариш, навқирон авлод вакилларини она юртга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида уюштирилаётган учрашувлар ўзининг ижобий меваларини бериши шубҳасиз.

Куннинг иккинчи ярмида “Савай” ўйингоҳида катта гала-концерт ташкил қилинди. Туман аҳолиси  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Сайёра Қозиева, Валижон Шамсиев, хонандалар Баҳриддин Зуҳриддинов, Шоира Отабекова ва яна  бир қатор таниқли санъаткорларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлдилар.

– Андижоннинг энг чекка туманларида яшаётган юртдошларимизнинг  кайфиятини кўтариш, улар билан дилдан суҳбат қуриш биз санъаткорларнинг бурчи деб биламан,-дейди хонанда Баҳриддин Зуҳриддинов.

Вилоятда тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

 

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
Муаллиф олган суратлар. 

Кўпроқ янгиликлар