Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида замонавий бешкураш бўйича Марказий Осиё кубоги мусобақаси бошланди. Бу ҳақда Кун.uz манбаси хабар бермоқда. 

Эътиборлиси, мезбонлардан ташқари Россия, Козоғистон давлатларидан жами 50дан зиёд кучли спорчи иштирок этаётган мазкур чемпионатда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.  Халқаро мусобақада юртимиз шарафини бешкурашчи Руслан Маматқулов илк бор ҳимоя қилишга уриниб кўради. 

Замонавий бешкураш бўйича ўтказилган Ўзбекистон очиқ чемпионатида ғолиб бўлган Руслан Маматқулов мусобақа тақвимига кўра, 29 июнь куни сузиш ва қиличбозлик бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказса, 30 июнь куни конкур-от билан тўсиқлардан сакраш бўйича баҳсларга киришади. Шу куннинг ўзида спортчилар комбайн-югуриш ва ўқ отиш бўйича очколар жамғаришга киришади. Бишкек шаҳрида ўтказилаётган ушбу очиқ чемпионатда ғолиб бўлган бешкурашчилар якунда Марказий Осиё кубоги соҳибига айланади.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясидан маълум қилишларича, ушбу турнирдан кўзланган асосий мақсад юртимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш, шунингдек, федерациялараро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат. 

Эслатиб ўтамиз, юртимизда жорий йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ташкил этилган эди ва бу уларнинг халқаро аренадаги илк иштироки саналади.