Бразилияда номаълум кимсалар мамлакат президенти Мишел Темернинг пойтахт Бразилиадаги қароргоҳига машинада бостириб кирмоқчи бўлдилар, деб хабар бермоқда Globo портали. Гувоҳларнинг айтишича, ўқ овозлари эшитилган.
  
Таъкидланишича, машина Алворада қароргоҳи олдидаги тўсиқни бузиб кирган. Бир гумонланувчи қўлга олинган. Айни вақтда сарой ҳудуди ўраб олинган. Воқеа  вақтида Темернинг ўзи қароргоҳида бўлмаган.

Темер баҳордаёқ бу қароргоҳда яшашдан бош тортганди: унинг фикрича, сарой ҳаддан ташқари катта ва ноқулайдир. Президент шунингдек сарой "ёмон энергетика"га эгалигини айтиб, ҳаттоки у ерда арвоҳлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳазиллашган. 

Аввалроқ Темер унга билдирилаётган коррупциядаги айбловлар негизида вазиятнинг оғирлашгани сабабли G20 саммитига сафарини бекор қилганди.