Apple, Samsung ва LG компаниялари қурилмалари табиатга энг катта, Dell ва HP маҳсулотлари эса энг кам зарар келтириши аниқланди. Бундан Greenpeace халқаро экологик ташкилоти тадқиқотлари натижалари дарак бермоқда.

Мутахассислар 17 та таниқли компаниянинг 40 дан кўпроқ турли гаджетини (смартфон, планшет ва ноутбуклар) таҳлил қилиб чиқишди. Зиённи баҳолашда 4 та кўрсаткич ҳисобга олинди: дисплейни алмаштириш имконияти, аккумуляторни алмаштириш имконияти, таъмирлаш учун махсус асбобларга эга бўлиш зарурати ва бутловчи қисмларнинг мавжудлиги. Ҳар бир қурилма 10 балли шкала бўйича баҳоланди.

Смартфонлар ичида Fairphone2 (10 балл) смартфони атроф-муҳитга энг безиёни деб топилди. Бу смартфон алмаштирилувчи батарейкага эга, унда энг кўп учрайдиган носозликларни уй шароитида бартараф этиш мумкин. LG G4, LG GS ва Xiaomi Redmi 4 смартфонлари 8 баллдан олишди. Энг паст баҳони эса смартфон бозори етакчилари Samsung Galaxу S7 ва Samsung Galaxу S7 edge олди.

Планшетлардан энг юқори баллни HP Elite x2 1012 G1, энг паст баллни эса iPad 5, iPad Pro (2 балл) ва Microsoft Surface Pro 5 планшетлари олди. Ноутбуклар орасида энг узоқ ишлайдиган ва таъмирлашга яроқли деб Dell Latitude E5270 ва HP EliteBook 840 G3 ноутбуклари топилди. Экология учун энг зиёнли ноутбуклар деб 13 дюймли Microsoft Surface Book ва Apple MacBook Pro ҳам 2017 йилги Apple Retina MacBook 2017 топилди. 

"Узоқ ишлайдиган ва таъмирланиши мумкин бўлган қурилмаларни яратиш – электроника ишлаб чиқарувчи брендлар электроникани ишлаб чиқариш билан боғлиқ табиатга етказиладиган зарарли таъсирни камайтириш учун кўришлари мумкин бўлган муҳим қадамдир", деб айтилган ҳисоботда. Таъкидланишича, ҳар йили миллионлаб тонна электрон чиқиндилар вужудга келади.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, кўплаб компаниялар ўз маҳсулотларини фойдаланувчилар ўзлари таъмирлай олмасликлари учун нозик ва мураккаб қилиб ишлаб чиқарадилар. "Баҳоланган 17 та бренддан фақатгина учтаси – Dell, Fairphone ва HP эҳтиёт қисмлар ва таъмирлаш бўйича йўриқномани тақдим қилади", деб айтилган ҳисоботда.