28 июнь куни Jalopnik нашри номаълум манба томонидан юборилган Alphabet холдингининг Waymo номли шўъба корхонасининг ўзи бошқарилувчи юк машинаси суратларини чоп этди. Журналистларнинг маълумотларига кўра, Waymo автоном тизим билан жиҳозланган Peterbilt 579 моделидан фойдаланган. Сенсорнинг катта қисми кабина томида, битта радар эса олд бамперга ўрнатилган.

Jalopnik’нинг таъкидлашича, машинада ён томонларида жойлашган яна бошқа датчиклар ҳам бўлиши мумкин, бироқ суратларда улар кўринмаган. Тизим Waymo‘нинг бошқа Chrysler Pacifica автомобиллари учун қўлланган автоном ишланмасини эслатади. 

2017 йилнинг 2 июнида Waymo узоқ масофаларга юкни ҳайдовчи иштирокисиз таший оладиган ўзининг ҳайдовчисиз юк машиналари устида иш бошлаганини маълум қилганди. Кейинроқ компания вакиллари транспорт воситаларидан бири йўлларда синовдан ўтаётгани, бироқ уни ҳозирча одам бошқараётганини тасдиқлашганди. 

Аввалроқ Uber ўзининг биринчи юк машинасини кўрсатганди. Транспорт Uber Freight янги юк ташиш сервиси учун ишлатилади. Юк машинасини яратиш билан Google‘нинг собиқ ходими Энтони Левандовски ташкил этган Otto номли шўъба корхона шуғулланган.

2017 йилнинг февраль ойида Waymo Uber устидан судга мурожаат қилган. Waymo’нинг таъкидлашича, Левандовски кетишидан олдин кейинчалик сервис учун автоном тизимларни яратишда ишлатилган махфий маълумотларни ўғирлаб кетган. Кейинроқ Левандовски Uber‘дан ҳам бўшатиб юборилган.

Waymo 2016 йил декабрда Google’нинг автомобиль бўлимининг мустақил компанияга айлантирилиши натижасида пайдо бўлган.