Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси 8-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Давлат раҳбари жорий йилнинг 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ички ишларни халққа янада яқинлаштириш, жиноят содир этилишининг олдини олиш, профилактика тадбирларини кучайтириш мақсадида пойтахт туманлари ички ишлар бошқармалари қошида шаҳар ички ишлар бўлимлари ташкил этилмоқда.

Президент 8-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан мулоқот қилди, замонавий технологиялар бўйича амалга оширилаётган иш жараёни билан танишди.

Ички ишлар идораларини халққа яқинлаштиришдан мақсад жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг асл сабабларини аниқлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва тинч ҳаётини таъминлашдан иборат, деди давлат раҳбари.

Шу ерда «Автокон» — автомашиналарнинг давлат рақамларини автоматик аниқлаш ва қоидабузарликларни қайд этиш махсус аппаратининг тақдимоти ўтказилди. Йўл ҳаракати инспектори машинасига ўрнатиладиган ушбу махсус қурилма қоидабузарлик содир этиб, жарима тўламай юрган транспорт воситаларини бевосита ҳаракат жараёнида аниқлаш имконини беради.

Президент ушбу қурилмани янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.