Қирғизистондаги “Қайинди-темирйўл” назорат-ўтказиш пунктида Ўзбекистон фуқароси давлат чегарасини бузганлиги учун қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизматининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими хабар берган.

Маҳкама маълумотига кўра, 2017 йилнинг 28 июнь куни “Қайинди-темирйўл” назорат-ўтказиш пункти чегарачилари Ўзбекистон фуқаросини давлат чегарасини бузганлиги учун қўлга олишган.

Чегарачилар “Бишкек-Москва” йўналиши бўйича 17-сонли темирйўл рейсини расмийлаштириш чоғида, Ўзбекистон фуқароси 1985 йилда туғилган Т.Р.нинг паспортида Қирғизистонга кириш ҳақида белги-муҳр йўқлигини аниқлашган. Шунингдек, маълум бўлишича, қўлга олинган шахсда рейсга чипта ҳам бўлмаган.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан кириб келиши учун тақиқ қўйилгани сабаб давлат чегарасини ўтказиш пунктидан бошқа жойда кесиб ўтишга мажбур бўлган.

Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, қўлга олинган шахс Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси минтақавий бўлинмаси ходимларига топширилди.