Кun.uz таҳририятининг электрон почтасига бир неча кун аввал Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқародан мурожаат келиб тушган эди. Унда мазкур маҳалла билан боғлиқ муаммолар тилга олинган экан.

Жумладан, мурожаат муаллифи шундай дейди: “Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида жойлашган “Зуҳро” МФЙ, Зуҳро кўчасида истиқомат қиламан. Маҳалламиз ҳудудида арзон турдаги турар-жой бинолари қурилаяпти. Улар кўп қаватли бўлиб, етти қаватли уйлар массивига қўшимча зичлантириш усулида қад ростламоқда. Муаммо шундаки, бизнинг Ипакчилар шаҳарчасига келиш учун Бурҳониддин Марғилоний кўчаси орқали 500 метрдан зиёд йўлни босиб ўтиш керак. Ана шу йўл четида ўсиб турган 36 тўп чинор ва 40 йилги бошқа дарахтлар кесиб ташланди. Эндиликда бизнинг массивга бориш учун мутлақо офтоб остида юриб келиши керак. Бу кўчалар салқин бўлиши учун ҳокимлик вакиллари қандайдир ҳаракатда бўлаяптиларми?”

Муаммо юзасидан шикоят муаллифи билан учрашдик. Манзилни кўздан кечирдик. Чиндан ҳам маҳаллада истиқомат қилувчи кексалар учун бу йўлда юриш бироз ноқулай. Чинорлар кесилган ва улар қачонлардир соя-салқин қилиб турган жой, бугун жазирамадан ёнаман дейди.

Мазкур масала юзасидан Марғилон шаҳар ҳокими ўринбосари Азизбек Абдуллаев билан учрашдик.

“Бу муаммо билан аввал ҳам танишиб чиққанмиз. Маҳалла аҳлига хориждан янги лола дарахтларини олиб келиб экамиз, деб айтганмиз ҳам”, деди биз билан суҳбатда ҳокимият вакили А.Абдуллаев. “Бу дарахт нафақат салқинлик беради, балки ўзининг хушманзаралиги билан ҳам бошқа дарахтлардан ажралиб туради. Айни вақтда аҳоли билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш йўлидамиз. Мазкур муаммони ҳал этамиз. Биз кичикроқ дарахтларни ҳам олиб келиб экишимиз мумкин, бироқ бу ердаги кексаларни ҳисобга олиб, каттароқ дарахтларни олиб келиш истагидамиз. Шу сабабли дарахтлар хориждан келишини кутаяпмиз”. 

Марғилон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Сардор Абдураҳмонов эса бизга қуйидагиларни гапириб берди:

“Айни вақтда ҳудди шу маҳалла ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Экология ходимлари бу дарахтларни кесиш учун тавсия беришган. Қолаверса, қурилиш бўлаётган манзилда дарахтлар бўлиши мумкин эмас. Катта машиналар турли қурилиш материалларини олиб кирадилар. Бу жараёнда дарахтлар халақит беради. Биз аҳолига янгича манзилни тақдим этиш мақсадидамиз. Наҳотки, буни истамасалар. Марғилон шаҳар ҳокими ўринбосари таъкидлаганидек, қурилиш ишлари тугалланганидан сўнг каштан, лола сингари манзарали дарахтларни олиб келиб экиш мақсадидамиз”.      

Ҳудудни кўздан кечирганимизда чиндан ҳам етти қаватдан иборат арзон турдаги турар-жой бинолари қурилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу Марғилон аҳлини янги кўринишдаги уйлардан баҳра олишларидан далолат. Ўйлаймизки, келгусида маҳалла ҳудуди салқинлаштирувчи дарахтлар билан янада барқ уради. Умид билан мактуб йўллаган фуқаронинг муаммоси шу куни шаҳар ҳокимлик вакиллари томонидан ўз ечимини топди. Демак, Марғилонда барпо этилаётган янги кўп қаватли бинонинг ёнгинасида кўзни қувонтирувчи манзарали дарахтлар ўтқазилади. Бу учун маҳалла ҳудудидаги аҳоли бироз сабр қилсалар бас.

 Аҳрор Зиё, Фарғона