Кремль АҚШ Россияда режимни ўзгартириш ниятида эканига ишончи комил. АҚШ Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси ҳисоботи муаллифлари шундай хулосага келишган, деб хабар бермоқда AP ҳужжатга асосан. Америка махсус хизматлари фикрича, Россия ҳукуматининг хавотири Москва ва Вашингтон ўртасида “ҳарбий рақобат ва кескинликни таъминлаб турибди”.

Пентагон ҳисоботида айтилишича, Россия АҚШнинг бутун дунёда демократияни илгари суриш ҳаракатларига ишончсизлик билан муносабатда, буни “ягона қадриятларни бошқаларга мажбурлаб сингдириш” деб қабул қилмоқда. “Кремлдагилар АҚШ Россияда режимни ўзгартириш учун асос қўяётганига ишонмоқда; Украинадаги ҳодисалар ҳам бунга туртки берди”, - дейишган ҳисобот муаллифлари. Улар ўз хулосаларига Россия ҳукуматининг, айнан АҚШ 2014 йилда Украина президенти Виктор Янукович лавозимидан кетишга мажбур бўлган “халқ исёни”га туртки бергани борасидаги сўзларидан келиб чиқишган.

AP’нинг таъкидлашича, “Россия ҳарбий давлати” номи остидаги ҳужжат Америка разведкаси сўнгги йигирма йил ичида икки давлат муносабатларига баҳо беришга ҳаракат қилган илк ҳисобот бўлди. “Москва АҚШнинг халқаро қабул қилинувчи нормаларни илгари сураётгани Кремль ҳукумати асосларига таҳдид солаётгани, Россия ички ишларига хорижий аралашув учун ҳуқуқ беришидан хавфсирамоқда”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатга сўзбоши ёзган DIA директори, генерал-лейтенант Винсент Стюартнинг билдиришича, Россия келаётган ўн йил давомида жаҳон аренасида ўз позициясини мустаҳкамлаши мумкин. DIA раҳбарининг тахминича, совуқ урушга ўхшаш бўлган глобал мафкуравий кураш авж олиши мумкин, Москва унинг доирасида “барқарорликни ўз шартларида таъминлаш учун қуролли кучлардан фойдаланиши эҳтимолга яқин”.