Покистон шимолида жойлашган Галёт вилоятида осма йўл кабинаси тушиб кетиши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, яна 2 нафар киши жароҳат олди. Бу ҳақда 29 июнда қутқарувчиларга иқтибос келтирган ҳолда Geo TV телеканали маълум қилди.

Таъкидланишича, қурбонлар орасида 4 киши бир оиладан бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, фалокатга кучли шамол сабаб бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг жасади қариндошларига топширилган, деб хабар берди телеканал.

Маълум бўлишича, осма йўлни маҳаллий ахолининг ўзи тегишли идоралар билан маслаҳатлашмаган ҳолда ўрнатган. Ундан бир қишлоқдан иккинчисига ўтиш учун фойдаланилган.