Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманига ташрифи давомида Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлди. 

Президентга 2017—2021 йилларда ИИВ академиясини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича лойиҳалар тақдим этилди. Булар профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, таълим жараёнини ташкил этиш ва номзодларни таълимга мақсадли тайёрлаш, ходимлар малакасини ва соҳавий хизматлар фаолиятини яхшилаш, янги инновацион таъминот бўйича фонд ташкил этиш ва моддий-техник базани мустаҳкамлашдан иборат.

«Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» дастурида айтилишича, академия фаолияти билан танишиш давомида Шавкат Мирзиёев соҳада юқори малакали, профессионал кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шахсий таркибнинг касб маҳорати, маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини пухта шакллантириш борасида тегишли кўрсатмалар берди.

«Номлар бор, шароитлар бор, аммо билимлар йўқ. Стратегия йўқ», — дейилади репортажда.

«Ҳозирда академиядаги таҳсил одатдаги университетдаги таҳсилдан фарқ қилмаяпти. Шунинг учун қисқа муддат ичида ИИВ академияси бутунлай янги ўқув муассасасига ўтиши керак», — деган президент. Шавкат Мирзиёев бу ўринда Хитой жамоат хавфсизлиги университетини намуна қилиб келтирган.

У яна бир муаммо сифатида — тил бўйича тўсиқни келтириб ўтган. Президент академия базасида хитой ва рус тилларини ўқитиш курслари очишга кўрсатма берди.

Президент ҳар бир вилоятдаги коллежларда ички ишлар сержантлари ва мутахассисларини тайёрлаш бўйича махсус синфлар ташкил этиш зарурлигини қайд этиб ўтди. Ўқувлар сентябрданоқ бошланиши лозим. Умумий билимлар ўз жойида олинади, махсуслари эса ИИВ Академиясида ўқитилади, деб хабар берди дастур.

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси 8-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан ҳам танишди. Президент Ички ишлар идораларини халққа яқинлаштириш тинч ва осуда ҳаётни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шу ерда «Автокон» — автомашиналарнинг давлат рақамларини автоматик аниқлаш ва қоидабузарликларни қайд этиш махсус аппаратининг тақдимоти ўтказилди. Йўл ҳаракати инспектори машинасига ўрнатиладиган ушбу махсус қурилма қоидабузарлик содир этиб, жарима тўламай юрган транспорт воситаларини бевосита ҳаракат жараёнида аниқлаш имконини беради.