Роналду эгизак фарзандли бўлганини тасдиқлади

Спорт 29 Июнь 2017 11631
Фото: Getty Images

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Конфедерациялар кубоги-2017 турнирида учинчи ўрин учун учрашувда иштирок этмайди. Marca нашрининг хабар беришича, мураббийлар штаби Мадриднинг «Реал» жамоаси футболчисига ўзининг янги туғилган фарзандларини кўриш учун жўнаб кетишга рухсат берган.

«Мен терма ўйинларига бор диққатни жамладим, бу ҳаттоки икки нафар фарзандим дунёга келганини билганимдан сўнг ҳам давом этди. Афсуски, мусобақадаги бош мақсадга эриша олмадик, бироқ, ишончим комилки, португалиялик ишқибозларга қувонч тақдим этишда давом этамиз. Фарзандларимизни илк бора кўришимдан жуда хурсанд бўламан», - дея ёзди Криштиану «Фейсбук»даги саҳифасида.

11 июнь куни Криштиану Роналду эгизак фарзандли бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Эслатиб ўтамиз, Португалия Конфедерациялар кубоги-2017 ярим финалида Чилига пенальтилар сериясида имкониятни бой берди. Якшанба куни Фернанду Сантуш шогирдлари турнирдаги охирги учрашувда Германия ва Мексика терма жамоалари учрашувида мағлуб бўлган жамоага қарши учинчи ўрин учун ўйнайди.

Кўпроқ янгиликлар