2017 йилнинг I чорагида Россия Федерациясида миграция ўсиш даражаси деярли учдан бир қисмга пасайган, дейилади «Известия» газетаси томонидан эълон қилинган мақолада.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Россияга кираётган мигрантларнинг ўсиш даражаси 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 26,8 фоизга пасайган. Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Россия Халқ хўжалиги ва Давлат хизмати академиясининг (РАНХиГС) ижтимоий таҳлил ва прогнозлаш институти томонидан ўтказилган тадқиқотлар давомида ана шундай натижалар олинган. Айрим экспертлар тенденция ҳақида сўз очишса, бошқалари келаётган мигрантларнинг камайгани диққатга сазоворлиги ҳақида гапиришга ҳозирча эрта эканлигини урғулашган. Бу ҳолда, Россияга ишлаш учун келаётган украиналикларнинг сони сезиларли даражада (40 фоизга) пасайгани эътиборга молик. 

Росстат маълумотларига кўра, 2017 йилнинг январь–март ойларида Россияга ишлаш учун кириб келган мингрантлар сони 122,3 минг кишини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг I чорагидагидан кўра 8,1 фоизга кам. Чиқиб кетганлар сони эса, аксинча, 8,3 минг кишига ўсган. Натижада «миграцион ўсиш», деб аталувчи кўрсаткич, биринчи чорак мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,8 фоизга камайган.

Бироқ РАНХиГС экспертлари глобал тенденция ҳақида гапиришга эрта эканлигини урғулашмоқда.

— Чораклар бўйича маълумотлар йилдан йилга ўзгариб туради. Кўпинча II ва IV чораклардаги миграция ўсиш биринчи чорак кўрсаткичидан ошади. 2017 йилнинг январь–март ойларидаги миграцион ўсиш 2013 йил даражасида бўлди ва бу 2014–2015 йилдагилардан кўра кўпроқ, — дейишмоқда РАНХиГС тадқиқотчилари.

Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженовнинг «Известия»га билдиришича, миграцион ўсишнинг пасайиши вақтинчалик ҳодисадир. Умуман олганда, Россиядаги мигрантлар сонида жузъий ўзгариш рўй бергани йўқ.

— Натижаларни йил охирида хулосалаш керак. Масалан, кўпчилик йил бошида уйига, узоқ вақт байрам қилгани кетган бўлиши мумкин, деди эксперт.

Бироқ РАНХиГСнинг ижтимоий таҳлил ва прогнозлаш институти ва Олий иқтисодиёт мактаби демография институти етакчи илмий ходими Никита Мкртчяннинг қайд этишича, бу ерда таққослаш ўтган йилнинг I чорагига нисбатан олиб борилган. У мигрантлар ўтган йили ҳам шундай байрамларга, дам олгани кетган бўлиши мумкинлиги, бироқ миграцион ўсиш юқори бўлганини таъкидлаб ўтган.

— Ҳеч қандай мавсумий омиллар таъсир қилмаган, бу аниқ. Биз узоқ муддатли миграция ҳақида гаплашмоқдамиз. Бунда инсонлар Россия аҳолиси сонини тўлдиришади. Бу ерда мавсумийлик катта рол ўйнамайди, — деган мутахассис.

РАНХиГСдагиларнинг қайд этишича, шу йилнинг январь–март ойларида Украина фуқаролари ҳисобидан миграцион ўсиш ўтган йилга нисбатан 40 фоизга пасайган. Бу ҳам келаётган мигрантлар умумий оқими «сусайгани»нинг муҳим омилидир.

— Украина фуқароларининг Россиядаги халқаро миграциядаги улуши эндиликда 2014–2016 йиллардагидек унчалик катта эмас, — дейишди РАНХиГСдагилар.

Никита Мкртчянанинг фикрига кўра, Украиналик мигрантларни бир неча турга бўлиш мумкин. Биринчилари — Украина воқеаларигача ёки ундан кейин ҳам Россияда узоқ вақт ишлаб келган ва келаётганлар. Иккинчилари — фаол жанговар ҳаракатлар тугашини кутиб, Россиядан вақтинчалик бошпана топганлар. Уларнинг бир қисми ватанига қайтиб кетган. Бугунга келиб, келаётганлар оқими мўътадиллашган.

— 11 июнь куни Европа иттифоқи Украина фуқаролари учун виза режимини енгиллаштирди. Шу сабабли бугун украиналикларнинг кўпчилиги «европача эркинлик» таъмини татиб кўришни истайди. Европанинг айрим давлатларида ишсизлик сони икки хонали рақамларда ўлчанишини инобатга олсак, бу ҳавас доимий бўлишини кутиш ярамайди. Боз устига, визасиз режим Европа давлатларида ишлаш имконини бермайди. Украиналиклар Шенген зонаси давлатларига эркин кириб чиқишлари мумкин, лекин уларнинг ташрифи ярим йил ичида 90 кундан ошмаслиги керак, — дей тушунтирган «Известия»га Россия менежерлар ассоциациясининг маркетинг ва корпоратив коммуникациялар департаменти директори Юрий Праслов.

2014 йилгача мигрантлар ўсишини таъминлаган Марказий Осиёдан келаётган оқим ҳам экспертларнинг фикрига кўра бирмунча пасайган. 2011–2013 йилларда Россиянинг асосий миграцион донори ҳисобланган Ўзбекистон эса эндиликда нафақат Украина, ҳаттоки Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонданам кейинда турибди. 

Росстат маълумотларига кўра 2016 йилда Россияга 4,706 миллион мигрант кириб келган, 4,444 миллион мигрант эса уни тарк этган. Миграцион ўсиш 261 минг 948 кишини ташкил этган.