Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманига ташрифи давомида Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ҳозирда ИИВ академиясида мавжуд бино ва иншоотларни қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Президенти 2017—2021 йилларда ИИВ академиясини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича лойиҳалар билан танишди.

Шавкат Мирзиёев соҳада юқори малакали, профессионал кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шахсий таркибнинг касб маҳорати, маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини пухта шакллантириш борасида тегишли кўрсатмалар берди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академияси Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича энг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Академия Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган.

Академиянинг тўртта замонавий ўқув биноси, тингловчилар учун иккита ётоқхона, меҳмонхона ва бошқа зарур иншоотлари бор. Тингловчилар билан ўқув машғулотлари ўтказиш учун 18 маъруза зали, 150 ўқув аудиторияси ва ўқув-методик кабинет, учта спорт зали ва сув ҳавзасига эга бўлган спорт мажмуаси, теннис корти ва атлетик тайёргарлик билан шуғулланиш учун спорт майдончалари, икки галереяли ўқ отиш тири, криминалистик полигон, ёпиқ телевидение тизимига эга бўлган телемарказ, энг замонавий компьютерлар билан жиҳозланган 20 компьютер синфи ва бошқалар мавжуд.

Тингловчилар 500 мингдан ортиқ нусхадаги ўқув, илмий, ижтимоий-сиёсий, махсус ва бадиий адабиётни, даврий нашрларни ўз ичига олган 4 кутубхона хизматидан фойдаланади. Бу ерда замонавий компьютер ва матбаа ускуналари билан жиҳозланган босмахона фаолият кўрсатмоқда.

Ҳақиқий вазиятга яқинлаштирилган шароитларда амалий машғулотлар ўтказиш учун академиянинг шаҳардан ташқаридаги ҳарбий-дала ўқув маркази мавжуд. Бу ерда 600 кишига мўлжалланган маъруза зали, ўқув синфлари, тактик шаҳарча, оммавий қирғин қуролидан сақланиш шаҳарчаси, ҳаво кемасида қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш операцияларини ўрганиш учун «ЯК–40» самолёти, «СХРОН» ер ости мажмуаси – автомат, карабин, снайперлар милтиғи ва тўппончадан ўқ отиш майдони мавжуд.

Бу ерда тингловчилар ва ходимларнинг саломатлигини тиклаши ва дам олишига алоҳида эътибор қаратилади. Академия ҳудудида 30 ўринга мўлжалланган тингловчилар «миниполиклиникаси» фаолият кўрсатмоқда. Бутун ҳудуд кўкаламзорлаштирилган, гулзорлар яратилган, 10 фаввора ишлаб турибди.