Сицилия мафияси оролдан Германия шимолига қараб кўчиб ўтмоқда. Бу Жанубий Европадаги ёмон молиявий шароитлар туфайли бизнес юритиш имкониятларини қидириш ҳамда Италия ҳукуматининг жиноятчиликка қарши кенг кўламли ҳаракатлари сабаб юз бераяпти, деб ёзмоқда The Guardian газетаси.

Нашрнинг Германия жануби-ғарбида ўтказилган кенг кўламли гиёҳванд моддаларга қарши амалиёт давомида олган маълумотига кўра, мамлакатнинг энг бадавлат минтақаларига мафия кланларининг миграцияси ортиб бормоқда.

Италия молия полициси ва Германия тергов бўлими томонидан ўтказилган қўшма амалиёт давомида наркосавдода гумонланган 19 киши ҳибсга олинди. Италия ҳукумати маълумотларига кўра, улар Албаниядан Германияга тонналаб наркотиклар олиб киришган ва даромадни ўйин автоматлари орқали ювишган. Бундай автоматларни ўрнатишга маҳаллий бар ва дўкон эгалари мажбурланган.