Тиббий таълимдаги ўзгаришлар амалда қандай натижа беради?

Жамият 29 Июнь 2017 6390

Тиббиёт соҳасини замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига бугун давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Президент соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан ўтказган учрашувларда ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтган эди. Хусусан, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, тиббий таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш лозимлигини таъкидлаганди.

Ўтган давр мобайнида Президентнинг мазкур топшириғи юзасидан олиб борилган ишлар, тизимда кутилаётган ўзгаришлар ва уларнинг натижаси хусусида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов тўхталиб ўтди.

— Ҳар қандай соҳа ривожи шу йўналишда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Хусусан, тиббиёт ҳам, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири. — Гарчи, энг замонавий техникалар, сўнгги технологиялар соҳага киритилса-да, бинолар реконструкция қилиниб, мукаммал бошқарув тизими шакллантирилса-да, кадрлар масаласида оқсаш бўлса, соҳа ривожида кутилган натижа бўлмайди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида шу йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларда, шунингдек, 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлисида тиббиёт ходимларини тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилгани бежиз эмас.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ушбу йўналишда муҳим бурилиш ясаб берди.

— Сир эмас, ҳудудларда тиббий кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Айтингчи, Президент қарорида бунинг ечими ҳам назарда тутилганми?

— Жойларга чиқиб мавжуд ҳолат ўрганилганда, соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи тизимида кадрлар таъминотида номутаносибликлар борлиги аён бўлди. Масалан, мамлакатимиз бўйича шифокорларнинг умумий сони 72 минг нафар бўлиб, ҳар 10 минг аҳолига нисбатан 23,5 нафарни ташкил этади. Аммо айрим вилоятларда бу кўрсаткич талаб даражасида эмас.

Мамлакатимизда 7 та олий тиббий таълим муассасалари ҳамда уларнинг ҳудудий филиалларида ҳар йили 2 мингдан ортиқ шифокорлар тайёрланмоқда. Тан олиш керак, олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг (даволаш иши) 7 йил давом этиши замон талабларига жавоб бермаслиги билан бирга, мазкур таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча молиявий маблағларни ҳам талаб этиб келаётганди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида айнан тиббий кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш масаласига ечим кўрсатилган. Яъни, ҳужжатда тиббий таълим йўналишларидаги бакалавриат тизимида ўқиш муддатларини белгилаш алоҳида қайд этилди. Унга кўра, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши, касбий таълим (даволаш иши), ҳарбий-тиббиёт иши (даволаш иши), педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил, тиббий профилактика иши 5 йил этиб белгиланди. Эътиборли томони, ҳозирги вақтда “даволаш иши”, “касбий таълим” (даволаш иши), “ҳарбий тиббиёт иши” (даволаш иши), “педиатрия иши” бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-5-босқич талабалари ҳам таълимни 6 йиллик ўқув дастури асосида давом эттириши кўзда тутилган.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “ 2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб мақсадли қабул йўлга қўйилади. Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида бакалавриат йўналишига қабул амалга оширилади.

— Ўқув йили қисқариши, табиийки, ўқув дастурларига ҳам таъсир қилади. Бунда ўқув соатлари ва фанлар бўйича ҳам ўзгаришлар бўлса керак.

— Тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасида тўпланган тажрибалар ушбу соҳани, айниқса, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш вақти келганини кўрсатмоқда.

Ўқув соатларини таҳлил қилиб ўрганганимизда, ўқув дастурларидаги мавзуларнинг 15 фоизи ва ҳатто ундан ҳам ортиғи такрорланиши аниқланди. Бундан ташқари, бакалавриат ва магистратура босқичидаги ўқув режа ва дастурларда мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг кўплиги ҳам талабаларнинг ортиқча вақтини олиб, ихтисослик бўйича билим олишига сезиларли таъсир қилиб келмоқда. Яна бир муаммоли ҳолат — таълим жараёнига тиббиёт соҳасидаги замонавий билимларни киритишда вужудга келган қийинчиликлар билан боғлиқ эди.

Давлатимиз раҳбари қарори билан, олий тиббий таълимнинг клиникагача бўлган ва клиник фанлар блоклари бўйича ўқув соатлари салмоғи оширилиши, олий тиббий таълим стандартларини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Шунга асосан, бакалавриат босқичи учун давлат таълим стандартлари қайта ишлаб чиқилмоқда. Яъни касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блокини 7 фоизгача қисқартириш, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажмини 85 фоизгача кўпайтириш назарда тутилган. Аввалги Давлат таълим стандартларида белгиланган ўқув режаларида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки бўйича ўқув соатлари ҳажми 15-20 фоизгача эди. Асосий мутахассислик бўйича эса 40-50 фоизни ташкил қилган, холос.

— Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори билан тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларининг дипломига ихтисослик қайд этилиши белгилаб қўйилган. Бундан кўзланган мақсад нима?

— Илгари олий тиббий таълим муассасалари битирувчилари дипломида ихтисослик кўрсатилмас эди. Натижада ички ва ташқи меҳнат бозорида ўзига яраша муаммо ва салбий ҳолатлар кузатилаётганди. Тиббий таълимни ривожлантиришга қаратилган ушбу ҳужжат билан кўплаб йўналишлар қаторида битирувчи дипломига ихтисослик қайд этилиши белгиланди. Бу эса, тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини етакчи хорижий тиббий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш борасида дуч келинаётган тушунмовчиликларга барҳам беради.

— Берган маълумотларингиздан англашилиб турибдики, тиббий таълим тизимида туб ўзгаришлар кечмоқда. Айтинг-чи, ушбу саъй-ҳаракатлар амалда қандай натижа кутилмоқда?

— Тиббий таълим соҳасида даволаш иши йўналишида ўқиш муддатларининг қисқартирилган таълим тизимига ўтилиши, ўқув соатларининг такомиилаштирилиши ва мақсадли қабул йўлга қўйилишидан тиббиёт кадрлари етишмовчилиги қопланиши 15 фоизга тезлаштирилади, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига эришилади, шунингдек, тиббий таълим халқаро стандарт талабларига мослаштирилади.

Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Президентимизнинг узоқни ўйлаб, тиббий таълимни комплекс ривожлантиришга қаратилган мазкур қарорида белгиланган вазифалар ижроси тиббий таълим муассасалари кадрлари салоҳиятини ошириш, тиббиёт олий ўқув юрти талабаларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш ва пировард натижада юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга хизмат қилади.

Фурқат Санаев суҳбатлашди.

Кўпроқ янгиликлар