Бугунги кунда Тошкент шаҳрида уй-жой муаммоси ёки шунга алоқадор масалалар 250 минг оилада бор. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов “Тошкент” телеканалидаги “Очиқ мулоқот” кўрсатувида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Президент 2016 йилнинг 22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 500 та кўп қаватли, 28 мингта хонадондан иборат бўлган ипотека ҳисобидан уй-жой қурилиши бўйича қарор чиқарди. 

“Таъкидлаб ўтиш керак, сўнгги 20-25 йил ичида бундай ипотека бўйича ҳеч қачон аҳолимизга бунчалик уй-жой қурмаган эдик. Бу йил 102 та кўп қаватли уйда 4200 дан ортиқ хонадон қуриб битказилмоқда ва Мустақиллик байрами арафасида халқимизга топширилади”, - деган Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, 4 200 та хонадонга шаҳар аҳолиси томонидан туман ҳудудий комиссияларига 38 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. 

“Келаси йили, аризалар кўплигини инобатга олиб, Президентимиз топшириғи асосида 8 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларда хонадонлар қурилиши режалаштирилмоқда”, - деди ҳоким.