Тошкент шаҳар ИИББ гиёҳвандликка қарши кураш ходимлари томонидан 22-29 июнь кунлари 8 килограммга яқин наркотик воситалар мусодара қилинди. Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида шу ой мобайнида 15 кг 277 грамм, ҳафта давомида 7 кг 925 грамм, йил бошидан эса 39 кг 966 грамм гиёҳвандлик воситалари олинган. 

Умуман, йил бошидан 614та, ой бошидан 134та, ҳафта давомида 33та ҳолат аниқланган. Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, Тошкент шаҳрига кириб келиш постларида гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари сони йил бошидан буён 108та, ой бошидан 22та, ҳафта давомида 8тани ташкил этган.