Трамп бир зиёфатнинг ўзидаёқ кейинги сайлов кампанияси учун 10 миллион доллар тўплади

Жаҳон 29 Июнь 2017 3830
Фото: Politico

Вашингтоннинг Trump International меҳмонхонасида уюштирилган кечки зиёфатда 300 киши иштирок этди. Республика партияси Миллий қўмитасининг матбуот котиби Линдси Жэнсик шу ҳақида хабар берди

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йилда бўлиб ўтадиган келгуси сайловларга жиддий тайёргарлик кўра бошлаган кўринади. Associated Press (AP) агентлиги хабарига кўра, Трамп чоршанба куни ўзининг келгуси сайлов кампаниясига маблағ йиғишга қаратилган зиёфат  уюштирган ва 10 миллион долларга яқин пул ишлашга муваффақ бўлган. 

Манбага кўра, Президент иштирокида ўтган кечки зиёфатда 300 нафар киши қатнашган. Икки соатлик зиёфат чипталарининг ҳар бири 35 минг долларга баҳоланган. Таъкидланишича, зиёфат Трампнинг сиёсий рақиблари эътиборини жалб қилган. Бино олдида фаоллар гуруҳи тўпланган, уларнинг қўлларида "Солиқларни қисқартириш эмас, соғлиқни сақлаш" ёзуви туширилган плакатлар бўлиб, "Шарманда!" дея қичқиришарди.

Агентликда келтирилишича, Америка президенти ўзидан олдинги раҳбарларнинг анъанасини бузиб, зиёфатга мухбирларни киритмаган. Маълумотларга кўра, дастлаб журналистларга Трамп сўзга чиққан вақт залга киришлари мумкинлиги айтилган, бироқ кейин ташкилотчилар фикри ўзгарган ва у ерга матбуот вакилларини қўйишмаган. 

Амалдаги президентнинг маблағ йиғиш жараёни жуда эрта - кейинги сайловларга 3,5 йил қолганда бошланган. Бироқ Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Сара Сандерс бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқлигини таъкидлаган. 

2016 йилда Трамп маблағ йиғиш жараёнини анча кеч - сайловларга олти ой қолганда бошлаганди. У аввал ўзининг шахсий маблағларини киритди ва кейинроқ молиявий ёрдам учун донорларга мурожаат қилди. 

Жорий йилнинг илк уч ойида Трампнинг келгуси сайлов кампанияси учун очилган банк ҳисобига 7 миллион доллардан зиёд пул келиб тушган. 

Кўпроқ янгиликлар