«Ўзбекистон Афғонистонга ёндашувини ўзгартирмоқда»

Ўзбекистон 29 Июнь 2017 29462
Фото: AKIpress

АҚШдаги Jamestown Foundation тадқиқот маркази сайтида «Ўзбекистон Афғонистонга ёндашувини ўзгартирмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда ҳозирги кунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Марказий Осиёда самарали ва конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётгани таъкидланган. Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилиб, расмий Тошкент томонидан Афғонистон билан ҳам алоқаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берилган.

«Ушбу мамлакат билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш Ўзбекистон раҳбариятининг турли даражадаги алоқаларни йўлга қўйиш борасида янгича қарашларга эга экани натижасидир. Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг афғон ҳамкасби билан тўғридан-тўғри шахсий, шу жумладан, халқаро форумлар саҳнасидаги алоқасини ёқлайди», дейилади мақолада.

Шу ўринда икки давлат раҳбарининг шу йил 8 июнь куни бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммити доирасидаги барча йўналишларда шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган учрашуви ёдга олинади.

Марказ шунингдек, 2017 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулга ташриф буюргани ва Афғонистон раҳбарияти билан музокаралар олиб боргани ҳақида тўхталади. 

«Мазкур ташриф Тошкент Афғонистон Ислом Республикасини таҳдидлар манбаси деб эмас, балки трансчегаравий савдо, гуманитар ва маданий алоқаларни кенгайтириш имкониятларига эга ҳудуд, энергетика, инфратузилма ва транспорт соҳаларидаги ўзаро манфаатли минтақавий дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи давлат деб билишини яққол намоён этди», дейилган Jamestown Foundation томонидан.

Ўзбекистоннинг мазкур давлат билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масаласида қатъийлигининг яна бир мисоли сифатида жорий йилда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили лавозимининг ташкил этилганига эътибор қаратилади. Jamestown Foundation мутахассисларининг эътироф этишларича, «бу расмий Тошкентнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда фаол ўрин тутишини намоён этади».

Мақолада Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниевнинг сўзларидан иқтибос келтирилиб, иккала мамлакатда ҳам ўзаро товар айланмасини айни кундаги 500 миллион АҚШ долларидан 2017 йилнинг охирига қадар 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги ҳақида хабар берилади.

«Шу йилнинг январь ойида Кобул шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйи очилди ва бу ерда мунтазам равишда Афғонистонга шимолий қўшни давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилади. Дарвоқе, Ўзбекистон Афғонистон билан темир йўл орқали боғланган ягона давлат ҳисобланади ҳамда бу йўл орқали ўлкага нефт ва газ саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалик техникалари, дори-дармонлар ва бошқа товарлар етказиб берилади», дейилган мақолада.

Экспертлар марказининг хулосасига кўра, Ўзбекистонда Афғонистон билан боғлиқ бўлган турли лойиҳаларда фаол қатнашиш учун улкан салоҳият мавжуд. Шу ўринда Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувури ўтказилиши лойиҳасига Ўзбекистонни жалб этиш ҳақидаги яқинда баён этилган Туркманистоннинг таклифи тилга олинади. Жумладан, Jamestown Foundation «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси газ қувурлари оператори сифатида фаолият олиб бориши мумкин, деб ҳисоблайди.

«Тошкент Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой газ қувури қурилишида орттирилган улкан тажрибага эга. Айни пайтда, ўзбек компаниялари иштирокида Афғонистонда учта йўналиш қурилган», дея қайд этилган мақолада.

Шундан келиб чиққан ҳолда, америкалик мутахассислар хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу мамлакатда яна битта кенг кўламли лойиҳани амалга ошириши учун етарли тажриба ва кўникмага эгадир.

 

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 33146 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 18595 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 71594 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 59137 Жамият
ЕЧЛ-2017/18 қуръасида саватчалар таркиби қандай бўлади?
15:04 622 Спорт
24 август куни Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кузатилади?
Ўзбекистон Футбол федерацияси ўзбек футбол мухлисларини «жазо»лади
14:50 3648 Спорт
Google ва Walmart ҳамкорлик ҳақида эълон қилишди
Афғонистон жанубида портлаш юз берди
14:40 631 Жаҳон
Жосусликда айбланиб қамалган Эркин Мусаев озодликка чиқарилди
Кўпроқ янгиликлар