117 кунда етиб келган хат

Жамият 30 Июнь 2017 11045

Ҳаммаси акам билан ўртамизда машинани бошқариш учун ишончнома тайёрлашдан бошланди.  Аммо ака-укаликни тасдиқлашда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасиз иш битмас экан. Шу баҳона туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамнинг йўқолганини билиб қолдим. Энди ФҲДЁ бўлимига қайта тиклатиш учун ариза бериш зарур. Кўп кетмас, йигирма кун ичида 60 минг сўм атрофидаги давлат тўловини қилсак, ишимиз битар,  шошаётган жойимиз борми, борингки бир ой кетар, деган мақсадда туғилган жойимиз Деҳқонобод тумани ФҲДЁ бўлимига 2016 йил ноябрь ойи охирларида ариза бердим. Орадан ўн беш кун ўтса-да, аризам натижасидан хабар бўлавермагач, укамга сим қоқиб, суриштиришини тайинладим. Чунки ўзим Тошкентда яшайман, Деҳқонобод билан орамиздаги масофа 700 километрга бориб қолади. Укам хабарлашиб, яшаш жойингиздан жон-сон ҳақидаги маълумотнома ва ЗАГС қоғозингиздан нусха керак экан, деди. Мен икки кун ичида тайёрлаб таксидан бервордим. Шу ҳужжатларни тақдим қилганидан сўнг беш кун ўтиб хабарлашса, архивда ҳужжатлари йўқ, тополмадик, ота-онасини паспортлари аслидан нусхалари керак, дебди...

Хуллас, ота-онамнинг паспортлари аслидан нусхаларини олиб боргач, ўн кун ўтиб, онамнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини, яна ўн кун ўтиб, акам ёки укаларимдан биринингтуғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини, бир ҳафта ўтиб ота-онамнинг ЗАГС қоғозини сўрашибди. Навбат отамнинг ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига етганида иш тўхтади. Чунки отамнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини тополмадик, йўқолган экан... 

Шунча ҳужжат керак экан, ҳаммасини бошида учрашганида айтса бўлмайдими, деб ғазабим қўзиди. Ўртада укам ҳам ишдан рухсат олиб қатнайвериб чарчаб кетди.

Деҳқонобод ФҲДЁ бўлими мудирига сим қоқдим. У важ-карсонларини айтди, мен нимага салкам икки ойдан бери бир ҳужжатни тўғрилаш учун ўн марта бир одам ишдан қолиб, олдига борганини, нима учун бошидаёқ шу ҳужжатлар кераклигини бирваракай айтмаганини сўрадим. У отам билан амакимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари охирги ҳужжат бўлади, шуларни олиб ўзингиз келасиз, ҳузуримга деди. Мен эса биринчидан ишдан ортиб боришим қийинлигини, иккинчидан отамнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқолганини айтиб, уни тиклатиш учун ўлган бобомнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси керак бўлар балки, дея пичинг қилдим. У эса жаҳл қилиб, бу масала унинг муаммоси эмаслигини айтиб, “бор борадиган жойинга”, деб телефон гўшагини тақиллатиб қўйиб қўйди. 

Шундан сўнг Тошкент шаҳар Адлия бошқармасига маслаҳат сўраб сим қоқдим. Улар яшаш жойимдаги туман ФҲДЁ бўлимига ариза беришимни айтди. Мен 2017 йил 20 январь куни Олмазор тумани ФҲДЁ бўлимига мазкур масала бўйича ариза бердим. Улар шу куннинг ўзидаёқ Деҳқонобод тумани ФҲДЁ бўлимига менинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамнинг аслидан нусха жўнатишларини сўраб 208-сонли хат чиқаришди. 

Деҳқонободдан жавоб келгач, телефон қиламиз, деганига хотиржам бўлиб, иш билан чалғиб, хаёлимдан кўтарилиб ҳам кетибди. Май ойининг ўрталарида Олмазор тумани ФҲДЁ бўлимига бориб, аризам натижаси ҳақида хабарлашдим. Улар ҳалигача Деҳқонободдан жавоб келмаётганини айтишди. Охири иш битмаслигига кўзим етгач, 19 май куни Халқ қабулхонасига мурожааат қилдим. 25 май куни мурожаатим юзасидан Қашқадарё вилояти Адлия бошқармасидан ўзини Зикрулло, деб таништирган  киши телефонда боғланди.  Мен бўлган воқеани бирма-бир баён қилдим. У Олмазор тумани ФҲДЁ бўлимидан жўнатилган хат Деҳқонобод тумани ФҲДЁ сига 17 майда етиб боргани ва 19 май куни шу масала бўйича жавоб йўлланганини айтди...

Ўзимни шу гапларга ишонтиришга ҳар қанча ҳаракат қилмайин, ҳеч иложини тополмадим. Пойтахтдан бир вилоятга хат 117 кунда етиб борса-я. Менимча, дунёнинг нариги қитъасидан почта орқали жўнатилган хат ҳам узоғи бир ойларда етиб келса керак. Аммо Деҳқонобод ФҲДЁ бўлимидагиларнинг “117-куни хат бизга келди”, деб фан-техника шиддат билан тараққиёт этаётган бир замонда бизни ишонтиришга ҳаракат қилаётгани ғоят ачинарлидир...

Абдувоҳид ЎРОЗОВ, 
журналист 

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 28622 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 15326 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 56438 Жамият
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Украина банки сабаб ярим миллион долларсиз қолди
Пекин Вашингтонни Хитой компанияларга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди
00:40 2090 Жаҳон
Reuters: АҚШ Мисрга ҳарбий ёрдам бермайдиган бўлди
00:34 1626 Жаҳон
Германияда Трамп боши шаклидаги гиёҳванд моддали таблеткалар аниқланди
00:21 1620 Жаҳон
Сербия Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун визани бекор қилди
00:18 1271 Жаҳон
Суриянинг Хама вилоятига ҳаводан зарба берилиши оқибатида 50 киши ҳалок бўлди
00:06 1888 Жаҳон
ОЧЛ чорак финали. «Шангҳай СИПГ» дастлабки ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонди
00:01 2526 Спорт
Кўпроқ янгиликлар