АҚШ Тайванга 1,4 млрд долларлик қурол сотади, бироқ “ягона Хитой” сиёсатидан воз кечмайди. Бу ҳақда давлат департаменти расмий вакили Ҳизер Науэрт журналистларга маълум қилди.

Гап Тайвань ва Дональд Трамп амалдаги маъмурияти ўртасидаги биринчи шундай келишув ҳақида бормоқда.

"Маъмурият конгрессни қиймати тахминан 1,4 млрд доллар бўлган еттита шартнома ҳақида хабардор этди", - деди Науэрт. "Бироқ шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, бизнинг “ягона Хитой” сиёсатимиз ўзгармайди. Бу ерда сиёсатнинг мерос сифатида ўтиши бор, АҚШ Тайванга тахминан 15 йил давомида мудофаа технологияларини сотади", - деди Науэрт.

ХХР марказий ҳукумати ва орол вилоят ўртасидаги расмий муносабатлар 1949 йилда тўхтаган. Бу Гоминьданнинг Чан Кайши бошчилигидаги кучлари Хитой коммунистик партияси билан фуқаролик урушида мағлуб бўлгач, Тайванга ўтиб кетгани туфайли юз берган. Тайвань ва Хитой ўртасидаги амалий ва норасмий алоқалар 1980-йиллар охирларида тикланган. 1990-йиллар бошидан эса томонлар нодавлат ташкилотлари орқали алоқада бўлиб турибди.