Аваков Украинада ҳокимиятни куч билан эгаллашга тайёргарлик кўришда айбланди

Жаҳон 30 Июнь 2017 7572
Фото: Wikimedia

Украина Олий радасининг “Пётр Порошенко блоки” фракциясидан депутат Сергей Лешенконинг маълум қилишича, Украина ИИВ раҳбари Арсен Аваков ҳокимиятни куч билан эгаллашга тайёргарлик кўрмоқда. У бу ҳақда ZIK телеканали эфирида айтган.

«Арсен Аваков жамоаси барча сценарийларга тайёргарлик кўрмоқда, жумладан ҳокимиятни эгаллашга ҳам. Ички ишлар вазирининг ўзи бош вазир бўлишга тайёрланмоқда. Сир эмаски, Аваковнинг визасисиз ҳукумат қарор қабул қилмайди. Бундан ташқари, у “Халқ фронтидан” ишловчи вазирларни “кузатиб турувчи” ҳисобланади», - дея маълум қилган Лешенко.

Унинг қўшимча қилишича, Аваковнинг атрофида тўғридан-тўғри ҳаракатларга тайёр «ярим жиноий гуруҳ» ташкил топган. «Бу теле ва радиоэфирда ҳамма ҳақида барча нарсани билувчи Антон Герашенко. Зоран Шкиряк ҳам жамоага киради. У оммага кўпроқ маълум. Бундан ташқари, Аваковда куч бўлинмалари бор. Улар Илья Кива, Евгений Дейдей – ҳар иккиси аввал судланган», - деган парламентарий. Унинг таъкидлашича, ИИВ раҳбари тарафдорлари орасида жиноят дунёсида нуфузга эга бўлган Саша Браслет, тадбиркор ва сиёсатчи Игорь Котвицкий ҳам бор.

Арсен Аваков тўнтаришга уринишда биринчи маротаба гумон қилинаётгани йўқ. Масалан, 2016 йилнинг декабрида Олий рада собиқ депутати Олег Царев ИИВ раҳбарини мамлакат президенти Пётр Порошенкони ҳокимиятдан четлатиш истагида эканида айблади. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари лавозимини собиқ бош вазири Арсений Яценюк эгаллаши мумкин, унга ИИВ раҳбари билан бирга Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Александр Турчинов ҳамда Олий рада спикери Андрей Парубий кўмак кўрсатишга тайёр экани иддао қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар