Эйндховен техника университети битирувчилари томондан ташкил этилган Lightyear голланд компанияси ўзининг илк моделини чиқаришини эълон қилди. Бу One номли, қуёш батареяларида ишловчи электрокар бўлиб, 2019 йилдан серияли ишлаб чиқарилади.

Ҳозирча компания машинанинг бир нечта тизерини намойиш қилган. Тахминларга кўра, автомобилнинг том қисми қуёш панеллари билан қопланади. Машина яратувчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Голландияда машина кундалик сафарлар учун етарлича ёруғлик олади. Умумий ҳисобда машина йилига фақатгина қуёш панелларида ўн минг километргача йўл босиб ўтиши мумкин.

Электр машина тўлиқ узатмали қилиб ишланади, батареялар қуввати 400-800 км масофага етади. Машинани совуқ ҳавода ёки узоқ сафарлар учун ташқи тармоқдан қувватлаш имконияти ҳам пайдо бўлади.

Моделнинг ишлаб чиқарилиши алоҳида версиядаги ўнта автомобилдан иборат сериядан бошланади. Бу машиналар мижозларга икки йилдан кейин топширилади. 2020 йилда яна 100 та машина ишлаб чиқарилиши белгиланган. 

Электрокар Европа ва АҚШда сотувга чиқарилмоқчи. Унинг минимал нархи 119 минг еврони ташкил қилади.