Ўзбекистон Марказий банки тижорат банклари ликвидлиги (тўловларга қодирлик даражаси)ни мониторинг қилиш бўйича чораларни кучайтиради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари турлари билан кафолатли таъминлашнинг кечиктириб бўлмайдиган чоралари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон раҳбари назоратга солувчига тижорат банклари ликвидлигини доимий мониторинг қилишни таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ ва давлат бюджетига бошқа мажбурий тўловларини ўз вақтида таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришни тавсия қилди.

Президент Марказий банкка пул-кредит сиёсати инструментларини фаоллаштириш, жумладан, қисқа муддатли ликвидлик ва мажбурий захира талаблари ставкаларини бошқариш бўйича амалиётларни қўллаш вазифасини топширди.

Шунингдек, Марказий банкка тижорат банклари томонидан қонунчиликда белгиланган иқтисодий нормативларга риоя этишини назорат қилишни кучайтириш ҳам юклатилди.

Назоратга солувчи Ўзбекистон банклар Ассоциацияси ва тижорат банклари билан ҳамкорликда замонавий тўлов технологияларини янада татбиқ этиш ва банк пластик карталаридан фойдаланишни оммалаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади.

Президент Давлат солиқ қўмитасига тижорат банклари билан ҳамкорликда банкдан ташқари пул маблағлари айланишини қисқартиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш вазифасини топширди.