Павел Дуров Telegram’нинг янгиланган версияси чиқарилишини эълон қилди. Мессенжер асосчисининг сўзларига кўра, янгиланишлар «келажакда Telegram’ни потенциал блоклашларга янада чидамлироқ қилади».

«Telegram мессенжери фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари Россия ҳукуматига берилмайди, чунки бу мессенжернинг махфийлик сиёсатига зиддир». Telegram асосчиси Павел Дуров ўзининг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ана шундай деб ёзиб қолдирган.

«Telegram бутун дунё бўйлаб ягона принципда ишлайди: ҳаттоки Facebook ва Twitter’га тўсиқ қўйилган, Telegram’нинг 40 миллион фаол фойдаланувчиси бўлган консерватив Эронда ҳам ҳукумат биздан фойдаланувчилар ҳақида ярим байт ҳам шахсий маълумотларни ололмаган. Биз айрим давлатлардаги бозор улушимизни йўқотмаслик учун ўз принципларимиздан асло чекинмаймиз», — деган у.

Бундан ташқари, Дуров Telegram’нинг янгиланган версияси чиқишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, янгиланишлар «келажакда Telegram’ни потенциал блоклашларга янада чидамлироқ қилади».

Илгари хабар қилинганидек, Telegram асосчиси Павел Дуров компания ҳақидаги очиқ маълумотларни Роскомнадзор ўзи юритадиган ахборот тарқатувчилар реестрига қўшишига рози бўлган. Бу ҳолда Дуров Telegram фойдаланувчиларининг ёзишмаларини очиб ўқишга рухсат бермаслиги ва «Яровая пакети» талабларини бажармаслигини таъкидлаган.

Telegram асосчиси компания ўз зиммасига бирор бир қўшимча мажбуриятларни олмаслигини алоҳида қайд этган. Telegram Россиянинг тартибга солувчи органи билан худди бошқа мамлакатлардаги даражада ҳамкорлик қилади. Дуровнинг тушунтиришича, унинг бу сўзларини «терроризм ва наркотиклар пропагандаси, зўравонликка чақириқлар ва болалар порнографиясига оид оммавий материалларни йўқ қилиш, шунингдек, спам тарқатишга бўлган уринишнинг олдини олиш кабиларда биргаликда ишлаш»ни тушуниш керак, холос. 

Роскомнадзорнинг раҳбари Александр Жаров 23 июнь куни Дуровга шахсан мурожаат қилиб, Telegram мессенжерини бошқарувчи компания ҳақидаги маълумотларни тақдим этишни сўраган — бу Россия қонунчилигига кўра, Россияда ишлаш учун муҳим ҳисобланади. Идора раҳбари агар Telegram кўрсатиб ўтилган муддатда маълумотларни тақдим этмаса, маълумотлар тақдим этилгунга қадар мессенжер Россияда тўсиб қўйилишини таъкидлаган эди.