НАТО Афғонистонда 2017 йилдан сўнг ҳам қолади ва ўз ҳарбий кучларини янада мустаҳкамлайди. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг пайшанба куни НАТО мудофаа вазирларининг Афғонистон бўйича йиғилиши якунида маълум қилди.

"Биз “Қатъий қўллаб-қувватлов” миссиямизни 2017 йилдан сўнг давом эттирамиз. Бугун шуни тасдиқлашим мумкинки, у ердаги ҳарбий кучларимизни ҳам мустаҳкамлаймиз", - деди у. Таъкидланишича, НАТОнинг 15 давлати Афғонистондаги миссияга ўз ҳиссасини янада ошириш бўйича мажбурият олди. "Шунингдек, Афғонистон хавфсизлик кучларини молиялаштиришни 2020 йилгача давом эттирамиз", - дея қўшимча қилиб ўтди Столтенберг.

Унинг сўзларига кўра, бу бўлинмалар сифат жиҳатидан янги даражага ўтиши лозим. "Айнан шунинг учун миссиямиз доирасида афғон махсус топшириқли отрядлари сонини икки баробарга ошириш ниятидамиз. Биз Афғонистонга янги самолётлар тақдим этамиз ва учувчиларни тайёрлаймиз. Шунинг учун ҳарбий академиялардаги жойларни кадрлар тайёрлаш мақсадида кўпайтирмоқдамиз", - дея таъкидлаб ўтди Столтенберг.

Альянс бош котиби сўзларига кўра, Украина НАТОнинг Афғонистондаги миссиясини қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берган.

"Украина мудофаа вазири йиғилишда иштирок этди. У Украина Афғонистон ва бизнинг ушбу давлатдаги амалиётимизни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади", - деди у.

Бош котиб сўзларига кўра, Украина Афғонистон учун қўшимча куч ва маблағ ташкил этиш бўйича анжуманда қатнашади. "Барча давлатлар бўйича маълумот бера олмайман, бироқ Украинага бизнинг Афғонистондаги миссиямизга ҳисса қўшгани учун миннатдормиз", - дея таъкидлаб ўтди Столтенберг.