Парижнинг жанубидаги Кретейл шаҳарчасидаги масжид ёнида эркак автомобилда одамларни босиб кетмоқчи бўлди. Бу ҳақда Le Parisien нашри хабар бермоқда

Маълум қилинишича, ушбу ҳужумни содир этишда гумон қилиниб арман миллатига мансуб эркак қўлга олинган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. 

Нашр маълумотларига кўра, эркак "Батаклан" концерт зали ва Елисей майдонларида содир этилган терактлар учун ўч олмоқчи бўлган.

Аввалроқ Англиянинг Ньюкасл шаҳрида ҳайдовчи Рамазон ҳайитини нишонлаётган мусулмонлар орасига автомобилда бостириб борган. Бунинг оқибатида 6 киши, жумладан болалар жароҳат олган.  

"Батаклан" концерт залида 2015 йил 13 ноябрда амалга оширилган теракт оқибатида 130 киши ҳалок бўлган, 350 дан кўпроқ одам жароҳат олганди. Елисей майдонларидаги теракт эса 2017 йил 20 апрелда содир этилган, унда полициячилар машинаси ўққа тутилиши оқибатида бир полициячи ҳалок бўлганди.