Ягона Озарбойжон халқ фронти мухолифат партияси депутати Гудрат Гасангулиев қонун доирасида хушомадгўйликни тақиқлашни таклиф қилди. Vesti.Az шу ҳақида хабар берди.

Депутат жума куни Миллий Межлис (парламент)да "Депутатларнинг хулқ-атвор этикаси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида шундай ташаббус билан чиқди. 

"Дебатлар пайтида депутат Гудрат Гасангулиев депутатларга хушомадгўйликни тақиқлаш таклифини киритди ва Ўзбекистонда шундай қадам қўйилганини маълум қилди. Гасангулиев шунингдек юқори лавозимдаги кишиларга нисбатан ҳам шундай тақиқлов эълон қилишга чақирди", - дейилади хабарда. 

Агентлик маълумотларига кўра, парламент спикери Октай Асадов депутатнинг таклифига шундай муносабат билдирган: "Сиз бизга хушомадгўйликнинг қайсидир даражасини кўрсатинг, шунда биз бу таклифни кўриб чиқамиз".

Озарбойжон парламентида 125 депутат ўрни бор. Ягона Озарбойжон халқ фронти партияси қонунчилик органида биргина депутат билан намоён бўлган.