Бугун Самарқанд шаҳридаги вилоят касб ҳунарга ўқитиш марказининг биринчи битирувчиларига бағишланган «Корейс тили ва маданияти куни» тадбири бўлиб ўтди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) грантлари эвазига шаҳардаги Спитамен шоҳкўчасида мутлақо янгидан қад ростлаган муҳташам ўқитиш марказида ўтказилган тадбирда агентликнинг Тошкентдаги идораси директори Им Жонг хоним, Корея технологиялар ва таълим университети профессори Жанг Жонг Дэ, Кореядан келиб Самарқанддаги ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган волонтёр ўқитувчилар қатнашишди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходимлари, Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи А.Усмонов, шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Раҳматуллаев, корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган меҳмонлар ва марказнинг илк битирувчилари қатнашдилар.

Энг аввало, меҳмонларга марказни битираётган талабаларнинг малака-битирув ишларидан намуналар намойиш этилди. Кўргазмада марказда таълим бериладиган 4 йўналиш — автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик, ахборот технологиялари бўйича ўқувчилар тайёрлаган кўргазмали ишлардан намуналар кўрсатилди.

Марказ ўқувчиларининг Корея ҳақидаги тасаввурлари бўйича ташкил этилган тасвирий санъат кўргазмасида ўқувчилар ўзлари ишлаган суратларни намойиш этишган. Стенд кореялик меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди. 

Шундан сўнг меҳмонларга марказ ўқувчилари томонидан такжи, тухо, юннори каби Корея миллий ўйинларини нечоғлик ўзлаштирилгани кўрсатиб берилди. 

 

Барча меҳмонлар марказ ошхонасига таклиф этилди ва у ерда кореялик ўқитувчилар билан биргаликда тил маркази ўқитувчилари ва ўқувчилари тайёрлаган корейсча миллий таомлар — кимпап, кимчи, токпукки, рамиён кабилар намойиш этилди.

 

Сўнгра меҳмонлар марказнинг иккинчи қаватида жойлашган «Корейс маданияти марказининг очилиши»да иштирок этишди. Марказда талабаларга, шунингдек, корейс тилини ўрганиш истагида бўлган барчага зарур шароитлар ҳозирланган. Корейс тили бўйича видеодарслар компьютерлар ва ТВ орқали ўргатилиши мумкин. Шунингдек, хона тил ўргатиш бўйича китоблар билан ҳам таъминланган.

Марказ директори, профессор Исмоил Эргашев биз билан суҳбатда шундай деди:

— Кўп йиллик ўқитувчилик фаолиятимда жуда кўп грантларни кўрганман. Лекин KOICAнинг ушбу гранти менда шундай чуқур таассурот қолдирдики, замонавий бино, ичидаги моддий техника таъминоти — барча барча нарсалар, ҳаттоки қўлимиздаги мана шу кўрсаткичларгача кореялик ҳамкорларимиз томонидан тўкис етказиб берилди.

Биз бу тадбирни халқаларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик учун миннатдорчилик рамзи сифатида ўтказмоқдамиз. Битирувчиларимиз эса хорижлик ўқитувчиларимизга олган билим ва кўникмалари учун ташаккур билдириш ниятида ўзлари ташаббус билан чиқиб, бир ой дарслардан сўнг тайёргарлик кўриб намойиш этишмоқда.

Тадбирнинг асосий қисмида, марказнинг мажлислар залида сўзга чиққан директор И.Эргашев марказнинг ташкил этишда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигига барча ўқувчилар номидан миннатдорчилик билдирар экан, у очилганидан сўнг ўтган 10 ой ичида қилинган ишлар ҳақида қисқача ҳисобот берди.

Марказ вилоятдаги ишсизлар сонини камайтиришга, саноат корхоналарини эса қисқа муддатда малакали мутахассислар билан таъминлаётгани алоҳида тилга олиб ўтилди. Бунда корхоналар ичида СамАвто автомобиль заводи, МAN-Uzbekistan қўшма корхонаси, SINO МЧЖ каби корхоналар бор.

Марказда Корея университетлари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Январь ойида 20 нафар кореялик ўқитувчи келиб, йўналишлар бўйича ўқув курсларини ўтиб кетишган. Марказ ўқувчилари Бухородаги Ҳёндэ инжиниринг корхонасида кореялик ўқитувчилардан мастер-класс олишган. Марказ фаолияти билан танишиш мақсадида россиялик, япониялик меҳмонлар ҳам, вазиримизнинг ўзи шахсан келиб кетди, — деди ўз чиқишида И.Эргашев.

Айни пайтда марказда асосан корейс тили (83 киши), шунингдек, инглиз тили (18 киши) ва япон тили (8 киши) ўргатилмоқда. Тил ўрганаётганлар орасида марказ ўқувчилари тенг ярмини ташкил этаётган бўлса, қолган қисми тил ўрганишни истовчи бошқалардир. 

Ўқувчилар меҳнат амалиётини СамАвто, МAN-Uzbekistan, Жиззах аккумулятор заводи каби корхоналарда ўташмоқда. Энг қувонарлиси, марказимизни битирувчиларнинг 87,1 фоизи аллақачон ўзлари амалиёт ўтаган корхоналарда ишга жойлашиб бўлишган. Қолган 12,9 фоизи ҳам дипломларни қўлга киритгач, албатта, ўз ишини топишади. Масалан, МАN-Uzbekistan корхонаси 33 нафар битирувчимизни ишга қабул қилди.

Қайд этиш жоизки, 9 ойлик ўқув курсида марказга жамики йўналишлар бўйича 240 ўқувчи тест синовлари асосида қабул қилинади. Асосийси, улар стипендия билан ҳам таъминланади. Шунингдек, марказда 1-2 ойлик ҳунар ўргатувчи пуллик курслар ҳам ташкил этилган бўлиб, тезлаштирилган усулда 107 нафар ўқувчи ўқитилмоқда. Уларга ҳам сертификатлар тақдим этилади.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Тошкентдаги идораси директори Им Жонг хоним тадбир борасида шундай деди:

— Аввало, ўқувчиларнинг иштиёқини кўриб жуда севиндим. Сарфлаган маблағларимиз беҳудага кетмаётганидан, одамлар билимли, ишли бўлаётганидан жуда қувондим. Бундай марказларни биз дунёнинг бошқа давлатларида ҳам ташкил этганмиз, лекин уни битирувчилар охиригача тўлиқ ўқимасдан ташлаб кетишади. Бу ерда эса 240 нафар қабул қилинган ўқувчидан 237 тасига диплом берилмоқда. Уларнинг 90 фоизга яқини ўз ишини аллақачон топиб улгурибди. Келгусида бундай марказ Шаҳрисабз шаҳрида ҳам очилишини мамнуният билан айтиб ўтмоқчиман.

Тадбир давомида меҳмонлар ва ҳамкор ташкилотлардан ташриф буюрган вакиллар томонидан марказнинг илк битирувчиларига дипломлар ва ишга жойлашгани тўғрисидаги сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирнинг бадиий қисмида марказ талабалари ва тил ўрганиш маркази ўқувчилари томонидан тайёрланган корейс ва ўзбек миллий ҳамда замонавий куй-қўшиқларию рақслари йиғилганларга туҳфа этилди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти, Самарқанд.