29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида бўлиб, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан танишди. Ўзбекистон телеканалининг "Ахборот" дастури шу ҳақида хабар берди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда аввало мазкур туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг кундалик ҳаётдаги ташвиш ва муаммоларини ҳал этиш масалалари ҳар тарафлама кўриб чиқилди. 

Шунингдек мажлисда жорий йил апрель-июль ойларида мамлакат Президенти иштирокида Чилонзор, Олмазор, Яшнобод, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларида ўтказилган худди шундай учрашувларда берилган топшириқлар ижроси, аҳволи ҳамда Тошкент шаҳрининг бошқа туманларини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. 

Давлат раҳбари ўз нутқида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган аҳоли мурожаатларининг таҳлили натижалари, халқимизни ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этиш ва одамларнинг оғирини енгил қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш ва янгича ёндашувни қўллаш зарурлигидан далолат бераётганини қайд этди. 

Таъкидлаш жоизки, бу йиғилишга тайёргарлик кўриш юзасидан махсус тузилган ишчи гуруҳи Мирзо Улуғбек туманига бориб, бир неча кун мобайнида аҳоли билан ўтказган мулоқот асосида 730 та муаммо аниқланган. Шундан ишчи гуруҳ томонидан 397 та муаммоли масала ёки 54 фоизи жойида бартараф этилган. Қолганлари бўйича ҳал этиш чоралари белгиланган. Шу жумладан, 87 та кам таъминланган оилага моддий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳал этилган, 27 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган, 20 нафар ёлғиз ва ногирон фуқаронинг уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланган. Кўплаб бинолар ва кўчаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилган. 

Шавкат Мирзиёев ташаббус кўрсатмасдан, юқоридан кўрсатма беришни кутишга ўрганиб қолган ҳокимликлар ва идоралар раҳбарларини қаттиқ танқид қилиб, уларнинг эътиборини марказдан юборилган ишчи гуруҳи бир кун мобайнида амалга оширилган ишлар натижасида қанчадан-қанча одамларнинг муаммоси ҳал бўлгани, бу эса ўз навбатида фуқароларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилиши ва шикоятларнинг камайишига олиб келишига қаратилди. Шу сабабли барча туманларда махсус ишчи гуруҳлар тузиб, график асосида ҳар ҳафтада маҳаллалардаги аҳоли билан учрашиш ва уларнинг муаммоларини имкон қадар жойида ҳал этишни таъминлаш юзасидан тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. 

Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида ўтказилган учрашувларда бўлгани каби, Мирзо Улуғбек туманида ҳам аҳолининг кайфиятига энг кўп таъсир этадиган соҳа - коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси зудлик билан бартараф этиш зарур бўлган муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Бу борада турар-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2017-2018 йил куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. 

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари, Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, ҳисоб палатаси, вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари, шунингдек аҳоли, жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари вакилларининг таклифлари эшитилди ва муҳокама қилинди ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни ва ижтимоий масалаларни ҳал этишни нафақат бугунги кунда, балки ўрта ва узоқ истиқболда ҳам таъминлашга йўналтирилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.