Шифохона ёнида қурилган тунги клуб ўз “ишини кўрсатишни бошлади”

Жамият 30 Июнь 2017 30702

Kun.uz таҳририяти фуқарорлардан келаётган ҳар бир мурожаатни ўрганишда, уларнинг ечимини излашда давом этади. Таҳририятнинг электрон почтасига Фарғона вилоятининг Фурқат туманида истиқомат қилувчи фуқародан мактуб келиб тушган. Унда шундай сўзлар битилган:

“Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев халқимизни, айниқса, ёшларимизни маънавий-маърифий, миллий салоҳиятини ошириш, бунинг учун уларнинг билим савиясини, китобга бўлган меҳрини юксалтириш, Республикамизни ҳамма жойларида кутубхоналар ташкил этиш, бунга халқимизни, айниқса, ёш авлодни жалб қилиш, уларни шу йўл билан нотўғри ва бизнинг маънавиятимизга, миллийлигимизга ёт ғоялардан асраш тўғрисида кўп гапираяптилар. Бу йўлда кўплаб ишларни амалга оширяптилар. Лекин бизнинг туманимиз марказида, шундоққина марказий шифохонанинг ёнгинасида фақатгина кинофильмларда кўрган ва юртимизнинг айрим жойларида борлигини эшитганимиз - оммавий маданиятнинг энг ёмон кўриниши бўлган тунги клуб очилди.

Ҳатто хорижий фильмларда ҳам ёмонлик, маънавиятсизлик ўчоғи деб кўрсатиладиган тунги клубни нима мақсадда ташкил қилинганини ташкилотчилардан сўрасак, бу ёшларни ёт оқимларга, экстремизмга қўшилиб кетишининг олдини олиш учун, деб жавоб беришди.

Эшитишимизга қараганда шифохона ҳудудида тунги клубнинг шовқини у ёқда турсин, машинанинг сигнали ҳам ҳалақит берар экан. Бундан ташқари, бундан мақсад бу ерга бошқа жойлардан “қиз-жувонлар”ни ижара асосида ёллаб, кейинчалик кўзларни кўниктириб, қизларимиз ҳамда сингиларимизни ҳам тунги клубга тортиш эмасми?

Бу ерни ташкил этишнинг асосий мақсади ёшларимизни ёт ғоялардан сақлаш бўлса, нима учун пуллик, нимага алкаголь ичимликлар истеъмолига рухсат этилган?

Кутубхоналарга кириш бепул-ку. Ахир террористик гуруҳларга қўшилиб кетганларнинг аксарияти ана шундай енгил ҳаётга, кайфу-сафога берилган, тунги клубларнинг ашаддий аъзоси бўлган ёшлар эканлиги кўп бора айтиляпти-ку! Ёки бу ерда бизнинг ақлимиз етмаган “яширин яхши фойдали” жиҳатлар ҳам борми?”.

Кун.uz фуқароларнинг ҳеч бир сўзини, мурожаатини беэътибор қолдирмайди. Манзилни ўрганиш чоғида шу нарсага гувоҳ бўлдик-ки, чиндан ҳам марказий шифохонанинг ёнгинасида бир неча ой аввал тунги клуб очилган. Бу ер шифохонада даволанаётган беморларга халақит бериб келган. Сабаби клубдаги мусиқа шовқинлари, маст одамларнинг жанжаллари беморларнинг тинчини йўқотган. Мана шу манзилда истиқомат қилувчи аҳолининг фикрига кўра, уларнинг фарзандлари ҳам шу клубга кириш, бу ердаги жараёнларни кўзлари билан кузатиш истагида бўлган. Бироқ ота-оналар бу борада ўз фарзандларига қаттиқ турганлар.

- Алкаголь ичимликларни ичиб, тўполон қилган кимсалар дастидан кўчага чиқмай қўйдик. Фарзандларимизда у ерга бўлган қизиқиш уйғонди, эртага улар ҳам шу клубга биздан яшириниб кириб, бемаъно мусиқадан, алкаголь ичимликлардан баҳраманд бўлса, додимизни кимга айтамиз? - дейди шу клуб ёнгинасида истиқомат қилувчи фуқаро.

Муаммо юзасидан Фурқат тумани ҳокимининг бош мутахассиси Файзулло Қаюмовга юзланганимизда, “масалани ҳал этамиз, чиндан ҳам шифохона ёнгинасида клуб бўлиши беморларга халақит беради” деди ва икки кундан сўнг қўнғироқ қилишимизни сўради. Икки кундан сўнг Файзулло Қаюмовга қўнғироқ қилганимизда клуб беркилгани ва эндиликда беморларга бу халақит бермаслигини  айтди.

Аҳолининг айтишига қараганда муаммо журналистлар томонидан  ўрганилаётган вақтда клуб фаолияти икки кунга тўхтатиб турилган. Бироқ икки кундан сўнг яна ишлай бошлаган. 

Биз яна Файзулло Қаюмовга қўнғироқ қилганимизда телефонни кўтармай ҳам қўйди. Ҳозирча муаммо муаммолигича қолмоқда. Хўш, у қачон ўз ечимини топади, клуб атрофида истиқомат қилувчи аҳоли, шифохонадаги беморлар қачон тинч ором олади?

Аҳрор Зиё, Фарғона

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 44188 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 61609 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 34093 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 19288 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 73680 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 59868 Жамият
Навоий вилоятида қўшмачи эркак қўлга олинди
16:45 626 Жамият
Маъмурий ислоҳотлар Концепцияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
«Made in Uzbekistan» бренди Тожикистон бозоридан Хитой маҳсулотларини сиқиб чиқармоқда
Араб коалицияси Ямандаги меҳмонхонага авиазарба берди
16:35 547 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар