Ёз ойлари бошланиши билан бутун дунёда меҳнатга лаёқатли аҳоли сонини тўлдирган коллежларнинг янги битирувчилари катта компаниялар эмас стартапларни танлаб, иш излай бошлашади. Accenture компанияси томонидан ўтган йили дунё бўйлаб ўтказилган сўровларга кўра, Америкадаги ўқув юртлари битирувчиларининг фақат 14 фоизи корпорацияларга ишга жойлашишни исташади, сўралганларнинг 44 фоизи эса стартап ёки кичикроқ фирмага ишга кириш истагини билдиришган, деб ёзади Harvard Business Review.

Стартапда ишлаш бирмунча афзалликларга, масалан, ноформал муҳитга эгалиги, ишлаб чиқаришдан айрилмаган ҳолда тезкор таълим олиш билан шуғулланиш, кўпроқ мустақил ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлишига қарамасдан, бир қатор камчиликлардан ҳам холи эмас. Карьерангизни бошлаш учун стартап идеал жой, деган қарорга келишдан аввал сиз у ҳақида ҳамма нарсани билишингизга амин бўлинг. Бундай компаниялар ва яқинда ўқишни битказган ходимлар билан ишлашдаги тажрибамга асосланиб, ёш мутахассисларнинг хаёлига келмайдиган ва улар эътибор бермайдиган қийинчиликларга диққатни жалб қилмоқчиман, дея ўртоқлашади мақола муаллифи Лорен Бергер.

Белгилаб қўйилган маош ва имтиёзларнинг йўқлиги. Ишга қабул қилинганингиздан сўнг сиз қилишингиз лозим бўлган дастлабки нарса — меҳнатингизга ҳақ тўлаш шартларини келишиб олиш. Мана шу жойда дастлабки қийинчиликлар пайдо бўлади: стартапда музокаралар йўли билан каттароқ маош ёки бирор-бир имтиёзларга эга бўлиш имконияти минимум даражада. Агар сизга молиялаштириш билан боғлиқ муаммолардан холи стартапда ишлашни таклиф этишса, у ерда сиз ўз вазифангизда яхши пул ишлаб топишингиз мумкин. Бироқ сизни фақат ўзига ишонувчи энтузиастлар гуруҳи ўз сафига чорласа, даромадларингиз кутганингиздан камроқ бўлиши ҳам мумкин. Стартапдаги маош корпорациядаги муқим ойликдан кўра тебранишларга кўпроқ дучор бўлади. Имтиёзлар-чи? Стартапларнинг аксарияти тиббий суғуртани таклиф этмайди, шунингдек, пенсия режасини ҳам, чунки бундай бонуслар тақдим этиш учун уларга шунчаки пул етмайди. Шу сабабли, бу ерда ишлашни бошлаш олдидан ана шундай жиҳатларга эътибор қаратмоқ керак.

Доимо ўзгариб турувчи корпоратив маданият. Компаниянинг корпоратив маданияти жамоа аъзолари бир-бирлари билан қандай муомала қилиш, турли масалаларни биргаликда қандай ечиш ва ҳамжиҳатликда қандай ишлаш асосида шаклланади. Йирик компанияларда янги мутахассис мавжуд маданият ва ўрнатилган қоидаларга дуч келади. Бироқ сиз стартапнинг дастлабки 20 нафар ходимидан бири бўлишга улгурсангиз бу маданиятни шакллантиришда ўзингиз иштирок этасиз. Бу жиҳат эса барчани, айниқса, ишга биринчи марта жойлашаётганларни издан чиқариши мумкин. Агар аксарият стартаплар сингари сизнинг компаниянгиз юқори даражали кадрлар қўнимсизлигига эга бўлса, корпоратив маданиятни тузиш янада қийин бўлади.

Ташкилотчиликнинг етишмаслиги ёки ҳаттоки бошлиқнинг йўқлиги. Битирувчилар ота-онаси ва ўқитувчиларининг қатъий назорати остида қўйилган мақсадга етишиш учун изчил ҳаракат талаб этиладиган таълим муҳитидан ишлашга келишади. Энди эса улар мақсад тушунарсиз ва доим ўзгариб турувчи ишга жойлашишди ёки — униси ҳам буниси ҳам бирдан рўй берадиган ҳолат — раҳбарият томонидан етарли назорат ва алоқа бўлмаган шароитда ўз вазифасини бажаришга киришади. Бундай шароитларда меҳнат қилиш жуда қийин. Ёшларга атрофидагиларнинг диққат-эътибори ва жавоб реакцияси кўпинча етишмайди, боз устига, улар муваффақият қайси критерийлар бўйича баҳоланишини билишмаса барқарор натижаларни кўрсатиш ва уларни яхшилашни уддалашлари қийин бўлади. Назокат билан айтилганда, баъзи бир стартапларга ташкилотчилик етишмайди, агар ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган бўлсак — уларда «батамом тартибсизлик» ҳукмрон. Ходим ўз лавозими қандай муваффақиятга эришсин, қачонки унинг иш муҳити доимо ўзгариб турса, муассислар ва инвесторлар мудом босим ўтказиб туришса? Шундай қилиб, сиз ўта ўзгарувчан шароитларда ишлашга руҳан тайёр бўлмоғингиз лозим.

Баъзи ҳолатларда сизда умуман бошлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Мен яқиндагина ўқишни тугатиб, ўзининг биринчи ишига жойлашганлар билан суҳбатлашганман. Уларнинг барчаси кимнингдир қўл остида ишлашни мўлжаллашган, бироқ ҳозирги вақтда улар карьерасини бевосита раҳбарсиз бошлашмоқда. (Баъзи ҳолатларда иш бошида раҳбар бўлади, кейин у компаниядан кетади ва унинг ўрнига узоқ вақт янгиси тайинланмайди.) Энди эса кечагина талаба бўлиб юрган ёшлар «ўзига ўзи бошлиқ» бўлиб қолишади. Бироқ тақдим этилган имкониятга қарамасдан улар ўзларига маслаҳатчи ё устоз бўлувчи, устувор йўналишларни белгилаб берувчи, ташкилий масалаларни ҳал қилувчи ва бирор нарсага ўргатувчи инсонни исташади.

Дам олиш кунларининг йўқлиги. Кўплаб стараплардаги иш бир маромда бўлмайди, аксинча, худди битириш имтиҳонлари олдидан бўлгани каби куни бўйи иш қайнайди ва бу ҳафтадан ҳафтага давом этаверади. Сиз нафақат ўз орзуси йўлида тиним билмасдан ишлайдиган (табиийки, сизга нисбатан кўпроқ молиявий ва нуфузий хатарларни ўз зиммасига олган) асосчилар жамоасига ишлайсиз, балки сиздан дастлабки нурсиз иш жойида «чоп-келтир» босқичидан ўтган ва энди стартапда ўз бахтини синаб кўришга аҳд қилган каттароқ ҳамкасбларингиз билан ҳамкорлик ҳам қиласиз. Электрон хатлар, СМС ва Телеграм каби мессенжерларда хабарлар сизни тунлари ва дам олиш кунлари ҳам таъқиб этади, боз устига сиз ҳамма нарсани ташлаб уларга, биринчи навбатда, жавоб беришингиз керак. Сизга қандайдир топшириқ буюрар экан, ҳамкасбларингиз уни бажариш учун эътироз билдирмасдан ва кўп саволлар бермасдан, бор имкониятингизни ишга солишингиздан умид қилишади. Агар сиз енг шимариб ишга киришишга тайёр бўлмасангиз ёки «доимо алоқада» бўлишни истамасангиз, афтидан бошқа иш вариантларини қидирганингиз маъқул бўлади. Масалан, йирик, муқим ўринга эга бўлган компанияда иш графиги у қадар ўзгарувчан эмас, дам олиш кунлари эса мутлақо дахлсиз ҳисобланади. 

Ресурслар етишмаслиги. Катта компанияга ишга кириб, сиз кўплаб ресурсларга эга бўласиз: хизматингизда шахсий таркиб билан ишловчи бўлим, техник бўлим, маркетологлар жамоаси, дегандек. Агар сизга қандайдир жойда билим етишмаса, сиз тегишли бюджет маблағларидан фойдаланиб, турли йирик шаҳарларда ўтказиладиган конференция ва семинарларда қатнашиб, керакли малакага эга бўлишингиз ҳам мумкин. Стартапда ишлар экансиз, шахсий таркиб жалб қилиб, маркетинг ва стратегик режалаштириш ва ижтимоий тармоқларда илгари суриш билан шуғулланиб, ўзингиз бутун бир бўлим ролида бўласиз. Бирор нарсани қандай қилишни билмасангиз, YouTube’даги видео, очиқ онлайн-курслар ва бошқа текин ресурслардан фойдаланиб билимингизни тўлдирасиз. Кимдир ёрдам беришини истайсизми? Баъзан бунинг мутлақо иложи йўқ. Кўплаб ёшлар аввалига бундай ижод эркинлигидан лаззатланиб, эртами-кечми боши берк кўчага кириб қолишади.

Беқарор молиявий ҳолат. Мен энди-энди оёққа тураётган компанияда икки йил муваффақиятли ишлаган кўплаб ёшлар билан гаплашганман. Улар дастлабки 40 ходимдан бири бўлишган, яхши мансабда ишлашган, яхши пул ишлашган, бироқ орадан икки йил ўтгач ё инвесторлар лойиҳани тарк этган ёки уни молиялаштириш тўхтатилган. Йигитлар киприк қоқишга улгурмасидан, ишсиз қолишган. Агар сиз стартапга келсангиз, қанчалик тер тўкиб ишлашингиздан қатъи назар вақеаларнинг ана шундай тус олишига ҳам тайёр туришингиз керак. Ҳаттоки барқарор моддий таъминотга эга стартапларда ҳам ишингиз натижасидан қониқишмагани боис сизни ишдан бўшатишлари мумкин. Ҳар бир ходимни маълум бир мақсадда ёллашади ва бунинг учун бюджетдан маълум бир маблағ ажратилади. Агар сиз умумий муваффақиятга у ёки бу даражада мос келмасангиз ёки шунга яраша хизмат қилмасангиз, компания олдида қимматингиз пасаяди. Бунинг ҳеч қандай хусуматли тарафи йўқ, компания олға интилишга ҳисса қўшмаётган кишига пул сарфлашни ўзига эп билмайди. Ўзингизнинг жўнаш нуқтангиз сифатида стартапни танлар экансиз, унинг ривожига салмоқли ҳисса қўшишга тайёр туринг.

Муаллиф ҳақида: Лорен Бергер —All Work, No Pay ва Welcome to the Real World китоблари муаллифи. IQ Agency маркетинг агентлиги раҳбари.