Ўзбекистон ҳукумати Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 июндаги «Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари турлари билан кафолатли таъминлашнинг кечиктириб бўлмайдиган чоралари тўғрисида»ги қарорида сўз боради.

«Тадбиркорлик субъектларининг саноат, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларини, шунингдек ижтимоий йўналишдаги давлат дастурларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг тижорат банклари кредитларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва кредитлаш шартларини енгиллаштириш чораларини кўриш вазифаси топширилди. Айни мақсадлар учун манфаатдор вазирлик ва идораларнинг Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди», дейилган қарорда.