Тошкентда Mirzo Ulugbek Innovation Center ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмак кўрсатиш бўйича Инновацион марказ ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Марказ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар берди.

Янги марказни ташкил этиш бўйича лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга 29 июнь куни тақдим этилди.

Марказ дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базасини лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқишга ихтисослашган бўлади.

Марказ иштирокчилари ахборот хавфсизлиги соҳасидаги лойиҳаларни ҳам амалга оширади. Марказ стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, бу ерда ахборот технологиялари соҳасида тадқиқотлар ўтказилади.

Инновацион марказ резидентлари солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилади. Уларга божхона имтиёзлари ҳам берилади.