АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни Қўшма Штатлардан Мексикага нефть қувури қурилиши ва Жанубий Кореяга қўшимча газ етказиб берилиши ҳақида маълум қилди.

"Менинг маъмуриятим ҳозиргина Мексикага янги нефть қувури қурилишини маъқуллади, у АҚШдан энергия манбаларини янада кўпроқ экспорт қилиш имконини беради", - деди президент АҚШ энергетика вазирлигида Америка энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича қатор ташаббуслар ҳақида маълум қиларкан.

Шунингдек, Трамп Америка компанияларидан бири ва Жанубий Корея ўртасида “ушбу давлатга қўшимча газ етказиб бериш бўйича” музокаралар бошланганини эълон қилди. У бу масалани Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин билан жума кунига режалаштирилган музокараларда муҳокама қилади.

Бундан ташқари, Трамп атом энергетикаси ва кўмир саноатини ривожлантириш бўйича бошқа ташаббуслар билан ҳам чиқди.

Давлат департаментининг аниқлик киритишича, New Burgos Pipeline компанияси лойиҳа оператори бўлади. Қувурнинг лойиҳа қуввати суткасига 108 минг баррель нефть маҳсулотларидан иборат. 

Шунингдек, Трамп пайшанба куни Америка шельфида нефть ва газ конларини ўзлаштириш бўйича янги дастур ҳақида маълум қилди.

"Биз нефть ва газни шельфда ўзлаштириш бўйича янги дастурни ташкил этмоқдамиз", - деди у .

Унинг сўзларига кўра, “бу АҚШ қирғоқлари яқинида жойлашган энергетик бойликларга кенг эшикларни очади”.

Трампнинг таъкидлашича, ушбу чора “АҚШ шельф ҳудудларининг 94 фоизида жойлашган қўшимча энергоманбаларни очиш имконини беради”. Унинг қайд этишича, “аввалги маъмурият пайтида уларнинг кўпчилиги ўзлаштириш учун ёпиб қўйилганди”.