Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида «Камолот» ЁИҲ (Ёшлар ижтимоий ҳаракати) қурултойи бўлиб ўтди.

Қурултой давомида Шавкат Мирзиёев «Камолот» ЁИҲ ўрнида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилгани ҳақида маълум қилди.

У шунингдек, Ўзбекистонда 30 июнни Ёшлар куни деб эълон қилди. 

Қурултойда ёшларга оид давлат сиёсати борасидаги ислоҳотлар тўғрисида гапирилган ва янги ташкилотга катта ишонч билдирилган.
 
Қурултойда қатнашган манбаларнинг маълумот беришича, янги тузилган Ёшлар иттифоқининг бюджет маблағи икки баравар оширилади, яъни йилига 200 млрд сўмни ташкил этади.

Бу орқали Марказий кенгашда яхши кадрлар етишмаслигининг олдини олиш кўзда тутилган. Шу вақтгача ходимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 800 минг сўм бўлган, туманларда бинолар етишмаслиги, хизмат машиналари йўқлиги, моддий база талаб даражасида эмаслиги таъкидланган.

Қурултойда шунингдек, «Мард ўғлонлар» давлат мукофоти ҳамда «Келажак бунёдкори» унвони таъсис этилган, курсантлар мактабига «Темурбеклар мактаби» номи берилган.

Бундан олдинроқ президент қурултой давомида Озодбек Назарбековни «Ёшлар» телеканалига раҳбар этиб тайинлагани ҳақида хабар қилинганди.