Президентнинг 16.06.2017 йилдаги ПҚ–3067-сон «Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди, деб ёзмоқда Norma.uz.

Қабул қилинган қарорда таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат рақобат қўмитаси вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан ҳамкорликда объектлар тоифаларининг тўлиқ хатлови ўтказилди.

Хатлов натижаларига кўра қуйидагилар тасдиқланди:

•  хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки стратегик объектларининг ягона рўйхати;

•  Президент ва Ҳукумат қарорларига биноан давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари рўйхати;

•  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинадиган давлат мулки объектлари рўйхатини аниқлаш мезонлари.

Давлат мулкининг ностратегик объектларини хусусийлаштириш бўйича таклифлар ва аризалар кейинчалик ҳокимлар томонидан маъқулланишидан олдин 6.10.2014 йилдаги 279-сон ВМҚга мувофиқ тузилган ҳудудий танлов комиссиялари томонидан кўриб чиқилади.

Ижобий қарор қуйидаги объектлар тоифасига нисбатан қабул қилиниши мумкин:

1)  бино ва иншоотларининг умумий эгаллаган майдони 2000 кв.м.гача бўлган давлат мулкининг бўш турган ёки фойдаланилмаётган объектлари;

2)  бино ва иншоотларининг умумий эгаллаган майдони 2000 кв.м.гача бўлган қурилиши тугатилмаган, тугатилиши учун молиявий манбаси бўлмаган объектлари;

3)  бино ва иншоотларининг умумий эгаллаган майдони 2000 кв.м.гача бўлган тугатилиш жараёнида сотилмаган ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига берилган объектлар;

4)  хўжалик жамиятлари ёки бошқа ташкилотлардаги давлат улушлари (акциялари):

- асосий фондларининг баланс қиймати ЭКИҲнинг 50 минг баробаридан ошмаган;

- ходимларининг ўртача йиллик сони 500 кишидан ошмаган.

Бунда Тошкент шаҳридаги объектларнинг хусусийлаштирилиши Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекслари билан келишилиши зарур, давлат органларининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган объектлар (бутун республика бўйича)нинг хусусийлаштирилиши юқори турувчи республика органларининг розилиги билан амалга оширилади.